Москва жиноий уруш бўсағасидами?

Ровшан Джаниев Фото муаллифлик ҳуқуқи APA

"Қонундаги ўғри" Ровшан Ленкоранский ўтган ҳафта Истанбулда ўлдирилганидан сўнг, Ленкоран яшовчиларидан бирининг Би-би-си Озарбайжон хизматига айтишича, Россия бозорларида ишлаган озарбайжонликлар оғир аҳволда қолишлари мумкин.

"Энди уларнинг бели синди. Уларга бозорларда ҳеч ким "ғинғ" деёлмасди. На полиция, на ОМОН, ҳеч ким уларнинг ишларига бош суқмасди. Ленкоранскийнинг отини айтиш кифоя эди, бу холатда иккинчи суҳбатга ҳожат йўқ эди" - дейди ленкоранлик бу яшовчи.

Москванинг кўкат бозорлари устидан ўзининг қаттиқ қўл назоратини анчадан бери ушлаб келган Ровшан Ленкоранский (Джаниев) ўтган жума куни Истанбулнинг "Конрад" отелидан ярим тунда ўз шотирлари билан учрашиб бўлгач, чиқиб келганида, ўзининг "Лэнд Ровер" машинасида ҳайдовчиси билан бирга автомат ўқларига тутилган ва шифохонага етказилгач, жон берган.

Унинг жасади дам олиш кунлари ўз юртига етказилиб, у ерда минглаб инсонлар иштирокида ерга берилган.

Ровшанни ким ва нимага ўлдирди?

2009 йили пост-Совет жиноий дунёсининг калони Япончик лақабли Вячеслав Иваньков отиб ўлдирилгач, миллиардлаб доллар қийматидаги жиноий дунёда ким зўр деган кураш бошланди. Казоликка икки даъвогар ва икки гуруҳ пайдо бўлди. Бири - язид курдларидан бўлмиш "Дед Хасан" (Аслан Усоян)нинг тбилисиликлар клани, иккинчиси "Таро" лақабли гуржи (Тариэл Ониани)нинг кутаисиликлар гуруҳи.

Кўплаб отишмаю-қирғинлардан сўнг Дед Хасаннинг қўли баланд келди ва у қамоққа тушган "Таро"ни "қонундаги ўғри" унвонидан ҳам мосуво қилди. Лекин "Таро"нинг одамлари ва булар қаторидаги Ровшан Ленкоранский янги "ҳокимиятга" тан беришгани йўқ ва 2013 йилининг январ ойида, айтилишича, Ровшаннинг одамлари "Дед Хасанни" отиб ўлдиришди.

Жиноятчилар дунёсида яна ур-талаш бошланди. Бир йил ўтгач Испаниядаги қамоқдан озод бўлиб Россияга "Шакро молодой" лақабли язид курдларидан Захарий Калашов деган "қонундаги ўғри" қайтиб келди ва пост-Совет ҳудудларидаги жиноий дунёнинг ҳокимиятини ўз қўлига олди. У иккала қарама-қарши гуруҳни бирлаштирмоқчи бўлиб, то "Таро" ва унинг сафдошлари "Мераб Сухумский" ва Ровшан Ленкоранскийлар кими қамоқдан чиққунича, кими чет элдан қайтгунича, барча мубоҳасавий масалаларга "мораторий" эълон қилди.

Лекин бу йилнинг июл ойида "Шакро" ҳам қамоққа олингач, қамоқдан чиққан Мераб Сухумский ва Ровшан Ленкоранскийлар Истанбулда учрашиб, ҳокимият учун курашни қайта бошлаб юборишганини жиноий ишлар бўйича мутахассислар таъкидлашди.

Хабарларга кўра, уларнинг тарафдорлари июл ойида Туркияни Анталия шаҳрида ҳатто "қонундаги ўғриларнинг" калонларидан бири, "Дед Хасан" тарафдори "Жора Ташкентский" лақабли Георгий Сорокинни уриб кетишган.

Манбаларимизнинг фикрича, Ровшан Ленкоранскийни "Дед Хасан" тарафдорлари бўлган ўғрилар томонидан ёлланган курдлар ўлдириб кетган бўлишлари мумкин.

Энди нима бўлиши мумкин?

"Шакро" қамалмасидан аввал унинг одамларидан бири - Вагиф Сулейманов деган "қонундаги ўғри" Москвадаги кўкат бозорларини ўзининг қўлига олмоқчи бўлган, дейди манбамиз.

"Шакро" қамалгач, Ровшаннинг одамлари анча фаоллашиб, бозорлар учун тортиша бошлаган. Энди, Ровшан отиб кетилгач, унинг Москвадаги одамларига рақиблари тарафидан ҳужумлар бошланган.

Бошқа тарафдан - энг йирик ўғрилар - "Шакро" ва "Таро" қамоқда эканлар, "ўғри-калон" роли учун ҳам кураш қайтадан фаоллашиб кетган.

Манбаларимизнинг айтишича, бу курашда "Дед Хасан" тарафдори, ҳозирда Юнонистонда яшовчи гуржи Лаша Шушанашвили ("Лаша Руставский") ўта фаоллик кўрсатмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг жиноий дунёси эскидан "Дед Хасан" ва унинг тарафдорлари билан тил бириктирган.

Ленкоранда эса "Ровшан Ленкоранский"нинг 60-70 минг одам иштирокидаги жанозасидан қайтган бояги манбанинг сўзларига қараганда, Москвада яна отишмалар бошланиши эҳтимоли каттадир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.