Спортга сарфланган маблағ медални кафолатлайдими?

Лора Тротт Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги XXXI Ёзги Олимпиадасида ўзбекистонлик спортчилар 4 олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 13 медалбилан Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори ўринни олдилар.

Айни вақтда Британия спортчиларининг ҳам бу галги муваффақиятлари эътиборга лойиқ.

Улар умумий рўйхатда медаллар бўйича мисли кўрилмаган 2-чи ўринга эришдилар.

Бу каби муваффақиятнинг сири нимада?

Баъзилар бунга сабаб, 1990- йиллар охиридан бошлаб Миллий Лотерея тизими орқали Британияда спорт соҳасига анчайин кўпроқ маблағ ажратила бошлаганлиги демоқдалар.

Ҳақиқатан ҳам шундайми?

Риодаги Олимпия ўйинларида британиялик сузувчи Адам Пити рекорд вақт билан 100 метрлик масофа финиш чизиғига етиб келганлиги мамлакатда спорт соҳасига киритилган улкан маблағ самараларидан бири сифатида кўрилди.

14 ёшида сузиш қобилияти билан эътиборга тушган Адам дастлаб мусобақаларда қатнашиш имконига эга бўлиши учун яқинлари ва дўстлари томонидан уюштирилган хайрия кечаларидан тушган пулларга муҳтож эди.

Кейинчалик 2012 йили унинг мураббийсига 15 минг фунт грант берилди.

Бу грант маблағларининг асосий қисми Миллий Лотереядан оладиган UK Sport жамғармаси томонидан берилганди.

Британияда спортчиларга бевосита бериладиган пулларнинг ҳаммаси UK Sport орқали Миллий Лотерея томонидан молияланади.

Гарнт олганидан 2 йил ўтиб, Адам Пити Глазгода ўтказилган Ҳамдўстлик Ўйинларида Олимпия чемпионини мағлуб этди.

Британияда бу каби юқори муваффақиятларга эришувчи спортчилар йилига 28 минг фунт(37 минг АҚШ доллари атрофида) грант олишади.

Мақсад - пул топиш билан чалғимаслик ва машғулотларга асосий эътибор қаратилиши.

UK Sport спортчиларга бевосита ҳақ тўлаш билан бирга мураббийлар ва машғулот марказларини қўллаш учун ҳам маблағлар ажратиб келади.

Маълумотларга кўра, 1996 йилги Атланта ўйинлари арафасида Британия ҳукумати спортга йилига 5 миллион фунт(7 миллион доллардан камроқ) маблағ ажратарди.

2000 йилги Сидней ўйинларига келиб UK Sport маҳоратли спортчиларни қўллаш учун йилига 54 миллион фунт ажратган. Ўйинларда Британия жамоаси 28 та медал олди.

2012 йилги Лондон Олимпиадаси вақтига келиб UK Sport спортга йилига £264 миллион фунт сарфлаб, Британия жамоаси 65 медал билан учинчи ўринга эришди.

Маблағ медални кафолатлайдими?

UK Sport сўзчисининг айтишича, бу саволга жавоб топиш учун Британияда спортга Миллий Лотереядан маблағ ажратилгунга қадар ва ундан кейинги натижаларни солиштириш кифоя.

1996 йили Атлантада Британия битта олтин медал билан 36 ўринни эгаллаган.

Мутахассислар ҳам бу фикрга қўшиладилар.

Лекин Лофборо Университетидан профессор Боря Гарсиянинг айтишича, "Ҳамма нарсани ҳам пулга боғлаб бўлмайди. Лекин молия кўпайгани Олимпия ўйинларида яхшироқ натижаларни олиб кела бошлаганини инкор этиб ҳам бўлмайди".

Айни вақтда профессор Гарсиянинг айтишича, пулни қандай йўлда сарфлаш ҳам муҳим.

"Сарфланган пулнинг миқдори муҳим эмас. Бу пул қандай сафрлангани, танланган мақсадлар ва назорат муҳимдир".

Баъзилар пулни фақатгина танланган спорт соҳаларига сарфланишини адолатсизлик, дея кўрадилар.

Маблағлар фақатгина келгуси 2 Олимпия ўйинларида медал олиб келиши эҳтимоли бўлган спорт турларига ажратилади.

Олимпиададан медалсиз қайтган спортга маблағлар тўхтатилади.

Қайси спорт турлари танланади?

Ҳар бир маблағ ажратиш жараёни бошланишидан аввал Британидаги ҳар бир спорт йўналиши мутасаддилари ўзларининг муфассал режа ва стратегияларини UK Sport га тақдим қилиб, келгуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қандай медалларга эришиш режалари борлиги ҳақида маълумот берадилар.

UK Sport бу ҳисоботларни ўрганиб чиқиб, энг муваффақиятлиларидан бошлаб мавжуд молияни тақсимлаб чиқади.

Ҳар бир спортга ажратилган маблағ йиллик равишда кузатилиб, не қадар мақсадларга эришилаётгани назорат қилиниб, келгуси Олимпиададаги муваффақиятга не қадар яқин эканлиги ўрганиб борилади.

UK Sport раиси Род Каррнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, "масалан, 2000 йилда Британия гимнастикачилари аҳволи у қадар яхши эмасди. Сиднейда медал олмаганлари учун уларга молия ажратиш тўхтатилди. Улар ҳамма нарсани бошидан бошлашга қарор бердилар. Нима иш беряпти-ю нима бермаяпти - ўрганиб чиқиб, янги режа ишлаб чиқдилар".

Медалга пул бор, медалсизга йўқ...

2012 йилги ўйинлардан аввалги 4 йил мобайнида Британия аёллар воллейбол жамоаси жаҳоннинг кучли 20 та гуруҳи қаторига кира олдилар. Лекин Лондон Олимпиадасида биронта медалга эришмадилар ва улардан ҳам молия қирқилди. Бу йилги Риодаги ўйинларга Британия ҳатто воллейбол жамоасини умуман йўлламади.

Медалларга эришаётган велосипедчилар ва эшкакчилар эса маблағларни олишда давом этмоқдалар.

Ливерпул Университетидан профессор Дэвид Форрестнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам кўпроқ маблағ кўпроқ медалга олиб келмоқда. Лекин бу ерда бошқа омилларни ҳам назарда тутиш керак.

"Биз кузатаётган манзара шуки, умуман ўйинларга мезбонлик қилишдан аввал ва ундан кейин мамлакат эришаётган медаллар сони ошмоқда. Лекин бу муваффақият муддати ўйинлардан кейинги 2 ўйинга қадар етмоқда. Бундан кейин муваффақият даражаси пасайиши кузатилган. Тахмин қилинишича, бу сиёсатчилар эътиборининг бошқа соҳаларга кўчиб, маблағлар бошқа соҳаларга йўналтирилиши билан боғлиқ".

Профессорнинг айтишича, ҳукуматнинг омма спортига маблағ сарфламаслиги кейинчалик бориб юқори даражада маҳоратли спортчиларнинг етишмаслигига олиб келиши мумкин.

Британияда Миллий Лотереядан тушадиган маблағларнинг 25 фоизи хайрия мақсадларида сарфланади.

Ана шу 25 фоизнинг 20 фоизи спортга сарфланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.