Туркия Сурия шимолидаги ҳудудларни бомбалаган

Ғозиантепдаги тўйда ҳалок бўлган инсонлар учун қазилган қабрлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ғозиантепдаги тўйдаги портлаш суриялик жангарилар ҳужумини тезлаштирган деб кўрилмоқда.

Туркия Сурия шимолидаги ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган жангари гуруҳ, шунингдек, Курд қуролли бўлинмалари жойлашган ҳудудларни бомбардимонга тутган.

Туркия ичкарисидан отилган замбарак тўплари Жараблус ва Манбиж шаҳарларидаги Курд қуроллиларининг мавқеларини нишонга олган.

Бу Ғозиантеп шаҳридаги тўй маросимида рўй берган худкушлик портлаши ортидан бўлмоқда, портлаш оқибатида 50 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, Ғозиантеп шаҳрида Туркия дастаклаётган қарийб 1500 суриялик исёнчи ҳужумга ўтишга тайёрланиб турибди.

Ғозиантепда бўлиб турган Би-би-си мухбири Марк Лоуэннинг хабар қилишича, худкушлик портлаши исёнчилар ҳужумини тезлаштирган бўлиши мумкин.

Тўй кечасидаги портлашнинг тобора кўп қурбонларининг шахси аниқлашиб борар экан, Туркия Сурия урушига янада кўп қўшилиб қолган мамлакатга айланиб бормоқда, дейди Би-би-си мухбири.

Ғозиантепдаги тўйда ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги болалар бўлган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон худкуш ҳужумчи 12-14 ёшдаги бола бўлган, деган баёнот тарқатган.

Бироқ Бош вазир Бинали Йилдирим худкуш ҳужумчининг шахси аниқланганича йўқ, портлашни вояга етмаган бола содир этгани ҳақидаги баёнот фақат гувоҳларнинг кўрсатмалари асосидаги тахминга асосланган бўлган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли, Сурия шимоли ИШИДдан буткул тозаланиши лозим, деб айтган.

Туркиянинг Ғозиантеп шаҳри Сурия чегарасидан 60 километрча узоқликда жойлашган ва бу шаҳарда ИШИД жангарилари бор деб кўрилади.

Таркибида суряилик Курд жангчилари бўлган коалиция кучлари ИШИДни Сурия шимолидаги бир неча шаҳарлардан сиқиб чиқариш мақсадидаги жангларда қатнашмоқда.

Бу шаҳарлар орасида Манбиж шаҳри ҳам бор.

Бироқ Туркия телевидениеси хабар тарқатишича, Туркия артиллерияси Курд жанчилари мавқеларини ҳам нишонга олган.

Туркия бу гуруҳларни Курдистон Ишчи партияси - ПККнинг кенгайиши деб қарайди.

ПКК 1980 йиллардан буён мустақил Курдистон давлатини тузиш мақсадида Туркия кучларига қарши урушиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.