Тожикистонда Исломий партиянинг ҳимоячиси қамалган

Душанбеда мухолифатдаги 'Ислом Уйғониш партияси' етакчиларининг адвокати Жамшид Ёров давлат сирини ёйишда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Расмий бўлмаган маълумотларга кўра, ҳукумат ҳимоячини диний ташкилот раҳбарларига июн ойида чиқарилган маҳкама ҳукми нусхасини гўёки ошкор қилган деб билмоқда. Шу билан бирга Жамшид Ёров сирни ошкор этмаслик бўйича ҳужжатга имзо чеккани айтилади.

Исломий партиянинг олий сиёсий кенгаши аъзолари устидан маҳкама Тожикистон пойтахтида ёпиқ тартибда ўтказилган. Ҳукумат бунга маҳкамада давлат сирига таалуқли маълумот борлигини сабаб қилиб келтирган.

Мухолифатдаги оммавий ахборот воситаларида 99 саҳифадан иборат маҳкама ҳукми чоп этилган. Айтилишича, унинг нусхаси адвокатларга ҳам, судланувчиларга ҳам берилмаган.

Тожикистон расмийлари айни пайтда бу ҳужжат мухолифат қўлига қандай тушиб қолганини изоҳламаяпти.

Душанба куни Исломий партия раисининг қамоқдаги ўринбосари Маҳмадали Ҳайитнинг хотини ва ўғли ҳибсга олинган. Кўпчиликнинг фикрича, уларнинг ушланиши ҳукм қарори чоп этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳозирча ҳукумат ҳимоячи ва оила аъзоларининг ҳибсга олиниши бўйича тарқалган фаразларни тасдиқлагани ҳам рад қилгани ҳам йўқ.

Жамшид Ёров таниқли тожик фаоли Бузургмеҳр Ёровнинг укаси бўлади. Акаси Исломий партиянинг биринчи ҳимоячиси бўлиб, уларга нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилганини айтиб чиққанидан сўнг ўзи ҳам экстремизм, товламачилик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбланиб ҳибсга олинганди.

Исломий партиянинг ўзига нисбатан 2015 йил сентябр ойида ҳукуматнинг тазйиқлари бошланган. Партия фаолияти Олий маҳкама қарори билан тақиқланган ва террористик ташкилот деб тан олинган эди.

Ислом Уйғониш партиясининг раҳбари Кабирий айни пайтда муҳожиротда қувғинда қолишга мажбур. У олдинроқ ўзининг ҳаётига таҳдидлар борлигини айтган.

Тожикистон Кабирий ва бошқа мухолифатчиларни Интерпол тизими орқали халқаро қидирувга топширган.

Ҳукумат тожик исломчиларини давлат тўнтаришига уринишда ва генерал Абдуҳалим Назарзода раҳбарлигида ҳарбий қўзғолонни ташкиллаштиришда айблаб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг