Буркиниларни тақиқлаш унга талабни оширди

Франциянинг қатор шаҳарларида мусулмонча сузиш кийимларига тақиқ қўйиш бундан кийимларга талабни кескин ошириб юборди, деб таъкидлайди буркини ишлаб чиқарувчилар.

Айни пайтда Францияда буркинилар тақиқланганидан кейин бу каби сузиш костюмининг Интернетдаги савдоси 200 кўтарилиб кетган.

Июл охири август бошларида Франциянинг қирғоқ бўйидаги етти шаҳрида хавфсизлик ва жамоат тартиби юзасидан муслима аёллар орасида кўпроқ удум бўлган ёпиқ сузиш кийимларида соҳилда пайдо бўлишни тақиқлади. Бу қарорни мамлакат бош вазири Мануэл Валс қувватлади.

Бироқ ўзини буркини асосчиси деб биладиган австралиялик модельер Аҳед Заннетийнинг сўзларига қараганда, Франция ҳукумати қарори мусулмон бўлмаган аёллар ўртасида сузиш кийимларига қизиқишни кучайтирган.

Якшанба куни биз 60 та буюртма олдик, улар исломга эътиқод қилмайдилар. Одатда буркинига ҳар куни 10-12 та буюртма тушади. дейди у.

Дизайнернинг таъкидлашича, ёпиқ купальниклар саратонга чалинган сузишни севувчилар ва қуёш нуридан ҳимоя зарур сузувчилар орасида жуда оммабоп ҳисобланади.

Буркини-"ахлоқ нормаларига тўғри келмайди"

Франсанинг Ницца шаҳридаги денгиз соҳилида полиция ходими бир аёлни бутун баданини ёпиб турган сузиш кийимини ечишга мажбурлаётгани тасвирланган фотосурат эълон қилинганидан кейин кўпчилик бунга ғазабланиб муносабат билдирди.

Аввалроқ Ницца дохил қатор шаҳарлар маъмурияти муслима аёллар орасида кўпроқ удум бўлган буркиниларда соҳилда пайдо бўлишни таъқиқлаш ҳақида буйруқ чиқарганди.

Интернетда тарқалган фотосуратларда пляжда ўтирган аёлни қуролли полиция ўраб олгани ва у ўзининг устки кийимини ечиб битта майкада қолгани кўринади.

Суратда полициячидан бири блокнотига нимадир ёзаётгани ҳам акс этган. Франс Пресс агентлигига кўра, полиция аёлга унинг кийими "ахлоқ нормаларига тўғри келмагани" учун жарима ёзган.

Мусулмон аёлнинг таъкидлашича, у пляжга буркинида эмас, узун енгли туник-кофтада келган.

Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлди ва ҳануз давом этмоқда.

"Кун саволи: пляжда аёлни ечинтириш учун нечта полициячи керак?", деб ёзди Твиттерда Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилотининг медиа-директори Эндрю Стролайн.

Би-би-сининг Париждаги мухбири Хью Скофилднинг айтишича, расмийларнинг буркинини тақиқлаш бўйича чиқарган қарорларида унинг номи ҳам айтилмайди, балки "яхши хулқ-атвор", "оммага ҳурмат", "ахлоқ қоидаларига риоя этиш" каби иборалар билан эслатилади.

Австралиялик дизайнер Аҳед Заннетий 2004 йилда буркинининг номини ҳам ўзи ўйлаб топганини айтади.

Оммавий ахборот воситаларига берган изоҳларида у ўзининг яратган либосига диний мазмун бермаганини таъкидлайди.

Полицияни олқишлашди

Guardian газетига кўра, ўхшаш ҳодиса мусулмон аёл билан Каннда ҳам содир бўлган.

У аёл ҳам пляжда буркини кийганини рад қилади. Унинг айтишича, у леггинс, туник кийган ва рўмол ўраган.

"Бошимда классик ўрама бор эди. Мен чўмилмоқчи эмас эдим, дейди жаримага тортилган 34 ёшли Сиам.

Гувоҳларнинг бирининг сўзларига қараганда, пляждаги бошқалар полициянинг ҳаракатини қувватлаб, қарсак чалганлар ва "уйингга жўна!" деб қичқирганлар.

Канн ҳокими билдиришича, Франция ва черков террористик ҳужумларга нишон бўлган экан, пляжда диний мансубликни таъкидлаш жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид қилади.

Каннда жамоатчилик тартибини бузиш 38 еврони ташкил қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

"Исломофобияга қарши жамоа" маълумотлари кўрсатишича, охирги икки ҳафтада Франциянинг Ривьерасида буркини кийгани учун 16 аёл жарима тўлашига тўғри келган.

Шу билан бирга, жаримага тортилганларнинг бирортаси ҳам пляжда буркини киймаганлар, деб таъкидлайди фаоллар.

Франция мусулмонлар кенгаши жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлаётган оқимдан хавотир билдирган.

2011 йилда Франция Оврўпода жамоат жойида ниқоб кийишни тақиқлаган биринчи мамлакат бўлди.

"Буркинини тақиқлаш" эса Франциянинг 20 дан ортиқ шаҳарларида амал қилади.

Буркини масаласида Франция ҳукумати аъзолари ҳам турлича мавқеълари эгаллаганлар.

Буркинини маън этиш қонунга зид

Франциянинг энг юқори маҳкамасидан 26 та шаҳар маъмуриятининг соҳилларда аёл баданини буткул бекитадиган сузиш кийимини тақиқлаш қарорлари бекор қилиш сўралмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда исломофобияга қарши ташкилотлар айтишларича, буркинини маън этиш Франция қонунларига зиддир.

Расмийлар буркиниларнинг тақиқини мамлакат дунёвийлик тизими асоси бўлган эркинлик ва тенгликни таъминлаш йўлидаги ҳаракат, дея изоҳладилар.

Мамлакатда ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, аксар францияликлар буркини тақиқини қўллаб-қувватлашаяпти.

64 фоиз аҳоли соҳилда буркини тақиқланиши керак, деб ҳисоблайди, 30 фоиз сўралганлар бу борада ўзларига ҳеч бир фарқи йўқлигини айтган.

Кўпчилик Франциядаги буркини тақиқи шундоғам таранг бўлган диний кескинликни янада оширади дея хавотир билдирмоқда.

Аёлларга нима кийишни ўргатманг

Айни вақтда Лондон ҳокими Содиқ Хон ва Париж ҳокими Анн Идалго Франциянинг соҳилолди шаҳарларида буркини тақиқлаш қарорини танқид қилиб чиққанлар.

Лондоннинг биринчи мусулмон ҳокими Содиқ Хоннинг айтишича, ҳеч ким аёлларга нима кийишни буйруқ бериши керак эмас. Шу билан бирга у Францияда нима учун фавқулодда ҳолат жорий этилганини тушунишини қайд этган.

Париж ҳокими Идальго хоним буркини атрофида бошланган баҳсни "жазава" деб атаб, уни бас қилишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг