ИШИД қатл қилишда болалардан фойдаланмоқда

"Исломий давлат" жангари гуруҳи тарқатган янги видеода ёш болалар асирларни қатл қилишда иштирок этаётгани кўринади.

Болаларнинг ёши тахминан 10-13 ёшлардадир.

Ижтимоий тармоқларга жойланган видеода бешта бола Сурияда асирга олинган курд исёнчиларини ўлдираётгани акс этган.

Қатл саҳнасида қатнашган болалардан бирининг исми шарифи Юсуф ал-Ўзбекий. Яъни унинг ўзбек миллатига мансублиги англашилади.

Бундан ташқари жиҳодчилар бир бола британиялик эканини айтганлар. Британия Ташқи Ишлар вазирлиги ҳозирча бу маълумотни тасдиқлагани йўқ.

Видеода қотилликка мажбурлангани тахмин қилинган болалар ҳарбий кийимда, асирлар эса сариқ ридода бўлганлар.

Тунислик Абу ал-Бара ал-Тунисий курдларга араб тилида мурожаат этиб, янада кўп қон тўкилишини ваъда қилади.

Унинг сўзларига кўра, курдларга қарши давом этаётган жанглар ҳали энди бошланиши.

Мисрлик Абу Исхоҳ ал-Масрий, Абу Абдулло ал-Британий, Абу Фуад ал-Курдий ва Юсуф ал-Ўзбакий ҳам қатлни амалша ошириш олдидан шундай шафқатсиз ваъдаларни берадилар.

Исломий давлат жангари гуруҳи ўзининг тарғибот воситаларида болалардан тез-тез фойдаланиб, уларни жиҳодчи жангариларнинг кейинги авлоди дея тақдим қилиб келади.

Маълумотларга кўра, кўп болалар ихтиёрий тарзда гуруҳга қўшилганлар, бошқалари ўғирлаб олиб кетилган. Уларнинг аксариятидан ҳудкушлик мақсадларида ҳам фойдаланаётгани хабарлари чиққан.

Ўтган ҳафта Туркиянинг Ғазиантеп шаҳрида камида 50 инсон ўлимига сабаб бўлган портлашни 12-14 ёшлардаги ўсмир амалга оширгани аниқланган.

Ёвузликка ўргатиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

ИШИД жангари гуруҳи террористларнинг янги авлодини пайдо қилиш учун уларни шафқатсизлик ва ёвузликка ўргатмоқда, дейилган март ойида чиқарилган халқаро ҳисоботда.

БМТ иштирокидаги экспертлар гуруҳининг тадқиқотига кўра, "Исломий давлат" жангарилари болаларни қотилликлар амалга оширилаётганда қараб туриш ва кесилган бошларни копток қилиб тепишга мажбурлашади.

Британиянинг Quilliam фонди ва Канаданинг Ромео Даллер ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази фаоллари келтиришича, "Исломий давлат" жангари гуруҳда ёшлигидан зўравонликни кўриб ўсган болалар ва ўсмирлардан яхши жангчи чиқади деган фикрга амал қилинади.

Жангари гуруҳ томонидан болаларнинг жамлоқлардаги машқлари акс эттирилган тарғибот видеороликлар тез-тез намойиш этилади.

У лавҳаларнинг баъзиларида 8-12 ёшли болалар ва ўсмирлар раҳбар жангарилар буйруғи билан одамларни ўлдираётганини кўриш мумкин. Ҳисоботда айтилишича, болаларнинг аксарияти қотилликка мажбурланади.

БМТнинг Ироқдаги ваколатхонаси маълумотларига қараганда, ИШИД жангарилари 15 ёшгача бўлган болаларни ўғирлаб, уларни "муқаддас уруш" га тайёрлаш учун ўз мактабларига юборганлар.

Жангариларга хизмат қилишни хоҳламаган болалар қийноқлар ва жинсий зўравонлик қурбони бўлишган.

ИШИД сафида болаларни жинсий зўрлаш кенг тарқалгани келтирилади ҳисоботда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.