Суриядаги илк оташкесим туни нисбатан тинч ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ билан Россия келишган ўт очишни тўхтатиш бошланганидан кейинги биринчи кеча жиддий тўқнашувларсиз ўтган.

Бироқ турли-турли жойларда отишмалар юз берган.

Оташкесим келишуви 12 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 19 да бошланган.

Бу кун дунё мусулмонларининг Қурбон Ҳайити илк кунига тўғри келган.

Охирги ойларда қаттиқ жанглар кузатиб келинган Ҳалаб шаҳрида бўлиб турган Би-би-си мухбири хабар беришича, тунда замбараклар овозларини эшитган, лекин улар узоқ давом этмаган.

Сурия шарқидаги ҳудудларни назорат қилиб турган исёнчи гуруҳлар оташкесимга қўшилмаганлар.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиш гуруҳи хабар тарқатишича, мамлакатнинг қатор ҳудудларида Президент Башар ал-Ассадга содиқ ҳукумат қўшинлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар рўй берган.

Ҳама вилоятида бир неча қишлоқ ҳаво ҳужумларига тутилган.

Пойтахт Дамашққа яқин жойларда ҳам замбарак ҳужумлари кузатилган.

Сурия армияси 18 сентябр тунигача ўзининг барча ҳарбий амалиётларини тўхтатишга қарор қилгани ҳақида эълон этган.

Россия билан АҚШ ўт очишни тўхтатишга етти кун давомида муваффақ бўлинса, икки мамлакат ўртасида истиҳборот ахборотини алмашиш ва "Исломий Давлат", илгари "Нусра Фронти" номи билан танилган " Жабҳат фатаҳ аш- Шом"га қарши ҳамкорликдаги ҳаво ҳужумларини бошлашга келишиб олганлар.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ушбу оташкесим Сурияда тинчликни қайта тиклаш мақсадидаги сўнгги уриниш бўлиши мумкин деб айтган.

2016 йил феврали охирида ҳам АҚШ ва Россия Сурияда ўт очишни тўхтатишга келишиб олишган, аммо томонлар мунтазам равишда душман тараф битимни бузишда айблаган эдилар.

Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича шарҳловчиси Жереми Боуннинг айтишича, ҳозирги вазият АҚШ ва Россия учун синов ҳисобланади. "Янги, тарангликдан холироқ ишчи муносабатлар икки давлат ташқи ишлар раҳбарлари ўртасидаги алоқалар Суриядаги оташкесим манзарасида жиддий синовдан ўтади. Суриядаги фуқаролар урушининг дастлабки йилларида дипломатия ожизлик қилди. Бунга асосан Башар Ассаднинг яқин иттифоқчиси Россия билан АҚШ ўртасидаги мавқеъларнинг фарқ қилиши сабаб бўлган бўлса, ҳозирга келиб Россия Суриядаги еуфузли ташқи кучга айланди. АҚШ бошчилигидаги коалиция вазиятни назоратда ушлаб туриши қийин кечмоқда. Москва бундай вазиятда муваффақиятли бошланган оташкесим ортидан президент Ассадни ҳокимиятни топшириш томон ундаши, урушга чек қўйилишига олиб келиши мумкин.

Бироқ оташшкесим натижасига шубҳа билан қараётган Ассад мухолифларига кўра, ўт очишни тўхтатиш қарама қарши томонлар учун яна қуролланиб олиш, гуруҳланишга имкон бериши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.