Песков: ҳакерлик ҳужумига Москванинг алоқаси йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жаноб Песков Москва ҳакерлик ҳужумлари ортида турмаганини билдирган.

Кремлнинг матбуот сўзчиси Дмитрий Песковнинг айтишича, допингга қарши агентлик- WADA ҳакерларга қарши кураш учун Россиядан расмий ёрдам сўраса, Москва бажонидил ёрдам беришга тайёр.

Шунингдек, жаноб Песков Москва ҳакерлик ҳужумлари ортида турмагани, бу ҳақда "гап ҳам бўлиши мумкин эмаслиги"ни билдирган.

Ўзларини Fancy Bear деб атаган ҳакерлар Бутунжаҳон допингга қарши агентлик маъмурияти ва менежментининг компютер тизимини бузиб кириб, ўнлаб спортчиларга тегишли шахсий тиббий маълумотларни қўлга киритганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бунинг орқасидан спортчилар тақиқланган моддалар истеъмол қилганларини кўрсатган допинг тест натижаларини ошкор қилганлар.

Жаҳон допингга қарши агентлик маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган ва хакерлик ҳужумини россияликлар амалга оширганини айтган.

Ошкор бўлган маълумотлар орқасидан пайдо бўлган шов-шувлар босилмай туриб, ҳакерлар пайшанба куни допинг тест натижаларининг иккинчи қисмини эълон қилганлар.

Ўз ўрнида Кремл ҳодисага ўз муносабатини билдирган.

Россия Президенти Путиннинг матбуот котиби Песковнинг сўзлари бўйича, "Ҳакерлик ҳужумлари ортида расмий Москванинг алоқаси йўқлиги шубҳасиз, лекин Россиянинг қайсидир махсус хизматларининг ҳам бу каби ҳаракатларга боғлиқлиги тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Бу каби айбловлар ҳеч қайси ташкилотга обрў бермайди, агар улар нимагадир мустаҳкамланмаган бўлса", деган жаноб Песков.

Допинг тест натижалари ошкор бўлганлар орасида америкалик машҳур теннисчилар опа-сингил Винус ва Серена Уилямс, гимнастикачи Симона Байлз, баскетболчи Елена Делле Донн ва бошқалар бор. Ҳужжатлар кўрсатишича, ўнлаб америкалик, беш британиялик ва беш олмониялик, Россия, Дания, Чехия, Руминия, Полшадан биттадан спортчи қони ва пешобида допинг аниқланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Айни вақтда АҚШ Миллий Гимнастика федерацияси баёнот билан чиқиб, Байлз допингга қарши агентликка соғлиги юзасидан тақиқланган моддалар истеъмол қилиши зарурлигини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим қилганини билдиришига тўғри келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Россиялик таниқли теннисчи мелдоний истеъмол қилгани учун икки йилга ўйинлардан четлаштирилган. Жумладан, Рио Олимпиадасига ҳам қўйилмаган.

Ижтимоий тармоқларда бу мавзуда баҳс қизиган. Аксарияти россиялик бўлган фойдаланувчилар нега Уилямсларга мумкину, Мария Шараповага мумкин эмас?-каби мазмунда мунозара қилганлар.

Шу йил март ойида россиялик теннисчи Мария Шарапова саломатлиги юзасидан шифокори тавсияси билан йиллар давомида мелдоний дорисини қабул қилиб келганини тасдиқлаган.

Россия ҳукумати кўплаб спортчилари допинг натижалари орқасидан Рио олимпиадасига қўйилмагани боисини сиёсий деб баҳолаганди.

допингга қарши агентлик- WADA нинг тан олишича, турли касаллик ва спортчининг патологик аҳволи тақиқланган дорини қабул қилишга эҳтиёж туғдирса, истисно тарзида "терапевтик фойдаланиш" (Therapeutic Use Exemption - TВА) мақсадида бу препаратни қабул қилиш учун рухсат олиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.