Россияда Давлат Думасига сайловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президент Путин Москвалаги Фанлар Академиясида овоз берган.

18 сентябр куни Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат Думаси депутатлигига, шунингдек, айрим ҳудудларда маҳаллий раҳбарлар ва маҳаллий парламентларга сайловида овоз бериш бошланган.

Овоз бериш Россиянинг вақт фарқи кузатиладиган 11 ҳудудида, шунингдек, мамлакатнинг хориждаги элчихоналарида бўлиб ўтган.

Аксар кузатувчилар Президент Путиннинг "Ягона Россия"си бундан кейин ҳам Давлат Думасида аксар ўринларни қўлга киритишини, шунингдек, ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган партиялар жой олишини башорат қилмоқдалар.

Думадаги депутатлик ўринлари учун 14 сиёсий партия курашга киришгани хабар қилинган.

Шу куни Россиянинг тўққиз ҳудуди раҳбари, 39 ҳудуди парламенти аъзолари ҳам сайланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Расмийларга кўра, жами 94 мингдан ортиқ сайлов участкаси очилган ва мамлакат ичкариси ва хориждаги 111 миллион 600 Россия фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга инсонлар сифатида рўйхатга олинган.

Россия 2 йил олдин Украина назорати остидаги Қрим ярим оролини аннексия қилганидан кейин бу ҳудудда ҳам сайлов бошланган.

Аннексия ҳамда Украина шарқидаги ўзларини Донецк ва Луганск халқ республикалари деб эълон қилган ҳудудлардаги бўлгинчиларни дастаклагани туфайли Ғарб Россияга нисбатан санкциялар жорий этган ва Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар "Совуқ уруш" даврларидагидек ёмонлашган, Россия иқтисоди инқирозни бошидан кечирмоқда.

Бироқ жамиятдаги омма сўровлари Путиннинг рейтинги ҳамон юқори эканини кўрсатмоқда.

Бу рейтинг баландлиги 80 фоизни ташкил этмоқда.

Кремль оммавий ахборот воситалари ва жамиятдаги норозилик кайфиятларини қаттиқ назорат қилмоқда, аксар таҳлилчилар назарида муаммолардан холи овоз бериш жаноб Путин учун 2018 йилдаги президентлик сайловида тўртинчи марта сайланиши учун йўл очади.

Сайлов кунида қатор қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида шикоятлар тушган.

Хусусан, Олтой минтақасида мухолифатдаги "Яблоко" партияси вакили ёш инсонлар сайловда қатнаша олмаган кексалар ўрнига қайта-қайта овоз беришгани ҳақида хабар қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Марказий Сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилова, агар бу хабарлар ўз тасдиғини топадиган бўлса, овоз бериш натижалари бекор қилинишини, шунингдек, нотўғри ахборот тарқатгани аниқланадиган бўлса, шикоятчиларга нисбатан жиноят кодексининг туҳмат банди бўйича иш қўзғатилиши мумкинлигини айтган.

Киевдаги Россия элчихонаси олдида тўқнашув юз берган.

Тошкентдаги Россия элчихонасидаги сайлов қутилари шаффоф эмаслиги ҳақида шикоятлар ҳам келиб тушган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.