Россия сайловлари: "Единая Россия" партияси етакчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Дастлабки маълумотларга биноан, Россияда якшанба куни ўтган парламент сайловларида "Единая Россия" партияси 54,21 фоиз овоз тўплаган.

Россия Марказий Сайлов Комиссияси хабар қилишича, партия бир мандатли 225 округнинг 203 тасида етакчилик қилмоқда.

Санаб чиқилган 90 фоиз сайлов варақалари бўйича Давлат Думасига "Единая Россия", КПРФ, ЛДПР ва "Справедливая Россия" партиялари, шунингдек, "Родина" ва "Гражданская платформа" партияларидан биттадан вакил кириши кутилади.

Давлат Думасига сайловлар рекорд даражада кам сайловчи иштирок этгани қайд этилган. Бутун Россия бўйлаб 47,93 фоиз қайд этилган.

"Ҳозирги натижани паст дейиш нотўғри бўлса керак", дейди Кремл сўзчиси Песков. "Бу ҳақиқий аҳволни, яъни сайлаш жараёнида қатнашадиган сиёсий фаол аҳолини намоён этади. Муҳими, албатта натижа", деб таъкидлаган у.

Унинг сўзларига кўра, "Единая Россия" учун овоз берганлар аслини олганда Президент Путин учун ўз овозларини берганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Президенти Владимир Путин ҳам "Единая Россия"нинг ғалабасини халқнинг барқарорликка интилиши, иродаси дея баҳолаган.

Бошқа партиялар Думага киришга имкон берувчи 5 фоизлик, давлат томонидан молиялаштиришга ҳуқуқ берувчи 3 фоизли тўсиқларни ҳам енгиб ўта олмаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мухолифатдаги Халқ озодлиги партияси ("Парнас") раҳбари Михаил Касянов Думага сайловларда аҳолининг суст иштирокидан ҳафсаласи пир бўлган, унинг фикрича, "бу балки ҳокимиятни демократик йўл билан ўзгартиришнинг охирги имкони" эди ва у ҳам бой берилган.

Касяновнинг сўзларига қараганда, ҳукумат сайловчиларда бошқа муқобил танлов йўқлигини кўрсатиб, улардаги демократик сайловларга ишончни ўлдирди.

"Расмийларнинг "сайлов адолатли, ҳаққоний ўтади", деган ваъдаларига қарамасдан, қайд этилган камчилик ва қонунбузарликлар ҳукумат назорат қилинмайдиган натижадан қўрқишини исботлади, дейди у.

Айни вақтда парламентга кирмаслиги аниқ бўлган "Яблоко" партияси раҳбари Григорий Явлинский якуний натижага бошқача изоҳ беради.

Явлинскийнинг таъкидлашича, экзит полда 3 фоиз овоз олган унинг партияси натижаси сайлов иштирокчилари учун номутаносиб шароит яратилганини кўрсатади.

Бу сафарги сайловлар орқасидан Давлат Думасига кирадиган партиялар олдинги сайловда ҳам кўп овоз олгандилар.

Сайловларнинг фарқли жиҳати депутатлар сўнгги вақтда илк маротаба аралаш тартибда: 225 депутат партия рўйхати бўйича, 225 таси бир мандатлик округлардан сайланганлар.

Сайлов арафасида маҳаллий аҳоли билан гаплашган Би-би-си мухбири Олег Болдиревга кўра, россияликларнинг аксарияти барқарорлик учун овоз беришларини айтганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.