Оқ масжид саҳнидаги рақс тергов остида

Оқ масжид Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Рақсга, янги видеоклипини оларкан, очиқ-сочиқ шарқона либосда татаристонлик қўшиқчи Резеда Ганиуллина тушган.

Татаристон тергов идоралари эса, энди Болгар шаҳридаги Оқ масжид саҳнида олинган "Жоним", деб номланувчи ана шу видеоклипни ўрганишмоқчи.

Бу клип диндорларнинг ҳис-туйғуларини оёқ-ости қилганми, йўқлиги хусусида бир хулосага келишмоқчи.

Агар, мазкур тергов ортидан жиноий иш очилгудек бўлса, қўшиқчи жаримага тортилиши ёки ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши мумкин.

Резеда Ганиуллинанинг ўзи эса, масжид саҳнида очиқ либосда рақс тушгани учун аллақачон кечирим ҳам сўраб улгурган.

"Агар, бу видеоклип кимнингдир кўнглини оғритган бўлса, узр сўрайман. Бу - мен саҳнада мужассамлаштирган образ. Мен, бундан ташқари, ижодимга бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман", - деб ёзиб қолдирган қўшиқчи ўзининг "ВКонтакте"даги аккаунтида.

"Шарққа ошиқман"

Резеда Ганиуллинанинг айтишича, "Шарққа болаликдан ошиқ"ва аллақачон кўплаб Шарқ давлатларида бўлишга ҳам улгурган.

Қўшиқчига кўра, Оқ масжид ана шу давлатларда ўзи кўрган бирор бир обидадан қолишмаслиги боис, унинг саҳнида видеоклип олишга қарор қилган.

Резеда Ганиуллина, ўз навбатида, одамларни Исломий тартиб-қоидаларга риоя этишига ишонтиришга ҳам уринган.

"Мен кунига беш маҳал намозни адо этмасам-да, бирор бир куним "Бисмиллоҳ"сиз бошланмайди. Мана, яқинда бир қўйни қурбонлик ҳам келтирдик. Хайр-садақа беришни ҳам ҳеч қачон канда қилмайман. Доимо одамларга кўмак беришга тайёрман", - дея билдирган қўшиқчи.

Аммо унинг қизил рангли очиқ-сочиқ либосда Болгар шаҳридаги Оқ масжид саҳнида тушган рақси акс этган видеоклипи ошкор этилиши билан Татаристонда баҳсу мунозаралар қизиб кетган.

Айрим мусулмонлар уни ўзлари учун ҳақоратомуз, деб топишган.

Татаристондаги дин пешволари Резеда Ганиуллинадан ўз видеоклипини зудлик билан ижтимоий-мулоқот тармоқларидан олиб ташлашини сўрашган.

Қозондаги Закабанная масжиди имоми қўшиқчини "стриптизчи", деб аташгача борган.

Татаристон муфтийси Комил Самиғуллин эса, масжид - рақс тушадиган жой эмас, дея гапни калта кесган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.