Сурия инқирози: АҚШ ва Россия бир-бирини айбламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Москва Суриядаги оташкесим бўйича олдинроқ АҚШ билан имзоланган келишув матнини эълон қилган.

Лавров бу ҳужжатни чоп этишга 23 сентябр, жума куни ваъда берган эди. Икки давлат келишуви матни сир сақланган, Россия бошиданоқ уни ошкор қилишни ёқлаган эди. Бироқ АҚШ ундаги маълумотларнинг баъзиларини ўта таъсирчан деб ҳисоблаб, очиқлашга қарши чиқди.

Журналистларнинг келишувга чизиқ тортиш керакми энди, деган саволларига Лавров Россия келишув амал қилинишига умид қилаётганини, айни вақтда АҚШ ҳам ундан воз кечмоқчи эмаслигини билдирган.

Шу билан бирга жаноб Лавров ўзида АҚШга нисбатан юз фоиз ишонч йўқлигини қайд этган. Суриядаги охирги ҳодисалар Ғарб инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича мажбуриятини бажара олмаётгани белгиси, деб айтган у.

Олдинроқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр Россияни Суриядаги вазият бўйича ёлғон хабар тарқатаётганликда айблаб, Москванинг ҳаракатини ёввойилик дея баҳолаган.

Унинг сўзларига кўра, Москва урушни давом эттиришга ҳозир экан, Сурия инқирозини ҳал қилишнинг иложи йўқ. Бунга жавобан, Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин АҚШни оташкесимга риоя қилишга таъсир этиш истаги йўқ, дея қоралади.

Россия- Сурия ҳукуматини, АҚШ- мухолифатни дастаклайди. Олдинроқ мамлакатда оташкесим бир ҳафта амал қилган, бироқ бир қатор ҳодисалар ортидан у барбод бўлганди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция Сурия кучлари манзилларини нишонга олган, сўнгра Ҳалабга йўналган инсонпарварлик конвойлари ҳужумга тутилган. АҚШ автокалоннани яксон қилинишида Москва ва Дамашқни айблаган. Россия унга алоқаси йўқлигини таъкидлайди.

Туркия, Форс кўрфазидаги Араб давлатлари ва Ғарб дастагига эга Сурия аксилҳукумат кучлари БМТнинг АҚШ ва Россия воситачилигидаги музокаралар жараёнини бемаъни деб ҳисоблайди.

Суриядаги оташкесим бўйича Россия-Америка келишуви икки асосий жиҳатга эга:

Биринчиси: Ҳалаб каби шаҳарларда Сурия режими ва исёнчи гуруҳлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш.

Иккинчиси: России ва АҚШ ўртасида "Исломий давлат" ва "Жабхат Фотиҳ" террористик гуруҳларига қарши биргаликда ҳарбий амалиётлар ўтказиш.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.