АҚШ президентлигига номзодларнинг илк дебати

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

26 сентябр тунида Америка Қўшма Штатлари президентлигига Демократ номзод Ҳиллари Клинтон ва Республикачилар номзоди Доналд Трамп ўртасида биринчи жонли телебаҳс бўлиб ўтди.

Икки номзод мамлакатдаги ишсизлик, ирқчилик муаммоларини қандай ҳал этиш борасидаги, Ироқдаги нотинчлик, Россияга муносабат каби мавзуларга тўхталганлар.

Икки номзод ҳам бир-бирини президентлик вазифасини бажаришга қодир эмас, деб айблаганлар.

Теледебат солиқлар мавзусидан бошланган.

Демократ номзод Клинтон хоним жаноб Трампни Россия Президенти Владимир Путинни олқишлашда айблаган.

Сайловолди кампанияси мобайнида Республикачи номзод Доналд Трамп Ҳиллари Клинтонни электрон почтаси орқали ёзишмаларини яширгани учун танқид қилиб келади.

Клинтон хоним АҚШ Давлат котиби лавозимини эгаллаган пайти Давлат департаментидаги эмейлидан эмас, шахсий электрон почтасидан мактублар ёзган.

Ливиядаги АҚШ элчилигига бўлган ҳужумларга оид ёзишмалари учун собиқ АҚШ Давлат котибаси махсус савол-жавобга тутилган, лекин Клинтон хоним ўша эмейллари матнини эълон қилмаган.

Теледебат пайти Доналд Трамп бунинг учун Клинтон хонимни танқид қилди.

Клинтон хоним "ҳа, хато қилганман, бунинг учун масъулиятни ўз бўйнимга оламан", деб айтган.

Ҳиллари Клитон Доналд Трампни ўз солиқ декларацияларини ошкор этмаётганликда айблаган.

Бунга жавобан жаноб Трамп қачон Клинтон хоним ўз эмейллари мазмунини эълон этса, мен ҳам солиқ декларациямни эълон қиламан, деб ваъда берди.

АҚШ президентлиги сайловида номзодларнинг жонли телебаҳсга киришлари ўта аҳамиятли ҳодиса ҳисобланади.

Душанба тунидаги Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп "олишувини" миллион-миллион одам томоша қилган.

Сўнг Интернет социал тармоқларида ким нима дегани борасида қизғин муҳокамалар бошланган.

Теледебат Твиттерда 5 миллион "твит"ни келтириб чиқарган.

Илк телебаҳсда ким ғолиб чиққани ҳамон муҳокама қилинмоқда.

Аксар кузатувчилар фикрича, илк олишувда Ҳиллари Клинтон Доналд Трампдан устун келган.

Клинтон хоним анча ўзига ишонган кўринди, жаноб Трамп баҳс чоғида рақибининг нозик тарафларидан ўзи учун фойда келтирадиган даоажада фойдаланолмади, деб ҳисоблашди кузатувчилар.

Америка президентлигига икки номзоднинг илк теледебати жаҳон бозорларидаги нархларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

27 сентябри тонгидан Осиё ва Оврўпо бозорларида фонд индекслари қимматлашгани кузатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.