МН17 ҳалокати: Ракета Снежное ҳудудидан отилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина осмонида "Малайзия ҳаво йўллари"нинг йўловчи учоғи ҳалокати бўйича текшириш олиб борган Халқаро тергов гуруҳига кўра, учоқ "ҳеч бир шубҳаларсиз" Первомайск ва Снежное посёлкалари жойлашган ҳудуддан отилган ракета билан уриб туширилган.

Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам Снежное ҳудудини ўзини Донецк халқ республикаси деб атайдиган россияпараст айирмачилар назорат қиладилар.

Халқаро суриштирув гуруҳи бу ҳақда бугун, 28 сентябрда ўтган матбуот анжуманида айтган.

Исбот сифатида текширув гуруҳи фотосурат, музокаралар муҳрланган аудио ва видеоёзувларни намойиш этган. Шунингдек, парвознинг бориши ва учоқнинг уриб туширилиши бўйича харита кўрсатилган.

Текширувчилар бундан ташқари "Бук" қандай олиб келингани, колонна йўналишини фактлар орқали тасвирлаб берганлар. Уларга кўра, учоқни уриб туширган "Бук" Украинага Россиядан олиб келинган.

Қурбонларнинг оилалари айтишича, фожеа тафсилотларини ўрганган халқаро комиссияда ҳодисага алоқадорликда гумонланган юз кишининг рўйхати бор. Комиссия аъзолари улар билан текширув натижаларини расман эълон қилишдан олдин гаплашганлар.

"Бизга берилган маълумотлар эътироз билдириб бўлмайдиган", дейди қурбонлардан бирининг қариндоши Би-би-сига.

Халқаро текширув гуруҳига БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси дастагида фаолият олиб борган Ҳолланд, Австралия, Малайзия, Белгия ва Украина вакиллари кирган.

Гуруҳнинг хулосаси жиноий иш очиш учун асос бўлиши мумкин.

"Биз халқаро гуруҳга ўзимизнинг маълумотларимизни, жумладан асосий гумондорларни тақдим этдик. Бу билан нима қилиш тўғрисида улар ўзлари қарор беришади", деб айтган MH17 учоғи ҳалокати ҳақида бир нечта ҳисобот эълон қилган Bellingcat гуруҳи.

Россия Мудофаа вазирлиги учоқни уриб туширилишига алоқаси борлигини рад этиб, бу борада ўзининг тахминларини илгари суриб келади.

Кремлнинг матбуот сўзчиси Дмитрий Песков матбуот анжуман бошланишидан олдин Россия журналистларига учоқ Донецк халқ республикаси вакиллари томонидан уриб туширилиши мумкин эмаслигини билдирган.

"Малайзия Ҳаво йўллари"нинг МН17 рейс билан Амстердамдан Куала-Лумпурга йўналган "Боинг-777" учоғи 2014 йил июл ойида Украинанинг шарқида уриб туширилган. Учоқ бортидаги 298 инсоннинг ҳаммаси ҳалок бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.