Шимон Перес оламдан ўтди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шимон Переснинг сиёсий йўлига назар

Исроилнинг икки марта бош вазири ва президенти лавозимларида фаолият юритган Шимон Перес 93 ёшида оламдан ўтган.

Икки ҳафта олдин Шимон Перес шифохонага ётқизилган, унинг миясига қон қуйилгани хабар қилинган эди.

Тел-Авив яқинидаги Шеба Тиббиёт марказида Шимон Перес сунъий кома ҳолатида сақланган, шунингдек, ўпкасига ҳаво етказиб турувчи ускунага уланган.

13 сентябрда инсульт ташхиси билан шифохонага ётқизилганидан кейин собиқ президентнинг аҳволи яхшилана бошлагани кузатилгани хабар қилинган эди.

Бироқ, қариндошлари хабар қилишларича, 27 сентябр куни Шимон Переснинг аҳволи бирдан ёмонлашган.

Шимон Пересни 1948 йилда Исроил давлатига асос солган сиёсатчилар авлодининг энг сўнгги вакили деб таърифлашади.

У Исроил давлатидаги деярли барча асосий лавозимларни эгаллаган.

Шимон Перес 2007 йилдан 2014 йилгача Исроил президенти бўлган.

Икки марта бош вазир сифатида ҳукуматни бошқарган.

Шунингдек, ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа, молия ва алоқа вазири лавозимларида ҳам фаолият юритган.

1994 йили Шимон Перес Тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланган эди.

Шимон Перес, ўша пайтдаги Исроил бош вазири Исхак Рабин ва Фаластин раҳбари Ёсир Арафот Фаластиндаги тинчлик музокаралари учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор кўрилган эдилар.

Бу музокаралар Фаластинда бошқарувни фуқаровий ҳокимият қўлига ўтказиш имкониятини берганди.

Шимон Перес фаластинликлар Исроилнинг "энг яқин қўшниси, улар энг яқин дўстлари бўлишлари мумкин", деб айтган.