Самсунг кир ювиш машиналари портлашини тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Samsung Electronics ширкати ўзи ишлаб чиқарган айрим кир ювиш машиналарининг хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд эканини тан олган.

Бундан олдин АҚШнинг Истеъмол товарлари хавфсизлиги бўйича комиссияси Самсунг кир ювиш машиналари портлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилган эди.

Комиссиянинг бундай қарор қабул қилишига Америкадаги харидорлардан келиб тушган хабарлар сабаб бўлган.

Истеъмолчилар кир ювиш жараёнида машина портлаб кетганидан шикоят қилганлар.

Самсунг ширкати 2011 йилнинг март ойидан 2016 йил апрелигача ишлаб чиқарилган кир ювиш машиналарида қусур борлигини билдирган, лекин аниқ модели ҳозирча айтилгани йўқ.

Самсунг раҳбарияти АҚШ Истеъмол товарлари хавфсизлиги бўйича комиссияси билан ўз маҳсулоти бўйича бундан кейин қандай йўл тутиш борасида музокаралар бошлаган.

Бу Самсунг ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифати бўйича шу ойнинг ўзида дуч келган иккинчи муаммодир.

Сентябр ойининг ўртасида АҚШда Samsung Galaxy Note 7 смартфони батареяси ўз-ўзидан ёниб кетиши ёки портлаб кетиши мумкинлиги эълон қилинди.

АҚШда қарийб 1 миллион дона Galaxy Note 7ни қайтаришга қарор қилинган.

Харид эгаларига смартфонини янгисига алмаштириш ёки пулини қайтиб олиш таклиф қилинган.

Galaxy Note 7 батареяси муаммоси Самсунг ширкатига қимматга тушган.

Блумберг агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Жанубий Корея ширкатининг капитализацияси 22 милиард долларга пасайиб кетган.