Россия Куба ва Ветнамда ҳарбий базаларини тикламоқчи

Rossiyaharbi Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Куба ва Ветнамда жойлаштирилган ҳарбий базалари фаолиятини тўхтатиш қарорини қайта кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири ўринбосари Николай Панков 7 октябр куни мамлакат парламенти аъзолари қаршисидаги чиқишида айтган.

"Совуқ Уруш" замонида Куба ва Ветнамда СССРнинг ҳарбий базалари жойлаштирилган эди.

Бу хабарнинг тарқалиши Россия Давлат Думаси мамлакат ҳарбийларининг Сурияда узоқ муддатга жойлаштирилиши қарорини маъқуллаган ва Суриядаги вазият боис Россия билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келган.

Бундан икки йил олдин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Куба ва Ветнамда, шунингдек, Никарагуа ва Сингапурда ўзларининг ҳарбий базалари бўлиши устида бош қотираётганлари ҳақида айтган эди.

СССРнинг хориждаги энг йирик базаси Кубадаги Лурдес радио электрон истиҳборот маркази ҳисобланган.

Лурдес базаси 1967 йили ишга туширилган, 2001 йили Президент Путин база фаолиятини тўхтатишга қарор қилган эди.

Россия қўшинлари 2002 йили Кубадан олиб чиқиб кетилган эди.

Ветнамнинг Кам Ран деган жойида Россия ҳарбий-денгиз флоти базаси жойлаштирилган эди.

Кам Ран Россия флотининг ҳарбий-техник базаси деб аталган.

2001 йили Россия Ветнам билан шартномани чўзмасликка қарор қилганди.

Россия Суриядаги Ҳмеймим ҳаво базасига ўзининг бомбардимончи учоқларини 2015 йил августида жойлаштирган, бироқ Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳозирлиги муддати аниқ эмас эди.

7 октябр кунги Давлат Думаси маъқулловида Россия Сурияда ўз ҳарбийларини муддати чекланмаган вақтгача қолдириши мумкинлиги айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.