Чеченистон: президент Рамзан Қодиров 10 та болали бўлди

Рамзан Қодиров

10 октябр куни Чеченистон президенти яна бир ўғилли бўлди.

Бу ҳақда Рамзан Қодировнинг ўзи қолиб, Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов элга маълум қилди.

Эълон қилиш баробарида, Магомед Даудов ўзининг "Instagram" даги аккаунтида барчани янги туғилган чақалоқнинг исмидан ҳам огоҳ этди.

Магомед Даудов "Аллоҳнинг марҳамати билан унинг Абдуллоҳ исмли ўғилли бўлгани", - ҳақида ёзди.

Бу ҳақдаги видеолавҳани Би-би-си Ўзбек хизматининг Youtubeдаги каналида томоша қилинг.

Шундай қилиб, Чеченистон президенти жаъми фарзандларининг сони 12 тага етди.

Абдуллоҳ Рамзан Қодиров оиласидаги тўртинчи ўғил бўлди.

Чеченистон раҳбарининг бунгача уч ўғли ва олти қизи бўлган.

2007 йилда эса, Рамзан Қодиров ўз аёли билан икки ўсмир ёшдаги болани ҳам асраб олишга қарор қилган.

Медни Қодирова

12 фарзанднинг онаси ва Чеченистон биринчи хоними Медни Қодирова 35 ёшда.

Қодирова хоним 2009 йилда Чеченистон пойтахти Грозныйда ўз фаолиятини бошлаган "Фирдавс" модалар уйининг асосчиси.

Бу модалар уйи асосан муслималарга мўлжалланган исломий либослар яратишга ихтисослашган.

"Фирдавс" орада модельерлар орасида Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган йиллик халқаро танлов Гран-приси соҳибига ҳам айланган.

Орада ўз дўконларини Бирлашган Араб Амирликлари дохил қатор хорижий давлатларда очиш режасида эканини ҳам изҳор этган.

Энг серфарзанд президент

Ўғли Абдуллоҳнинг дунёга келиши ортидан, Рамзан Қодиров МДҲ давлатлари ҳудудидаги энг серфарзанд президентга айланган.

Шу пайтгача собиқ Шўро давлатлари лидерлари орасидан Тожикистон президенти чечен раҳбари билан бирга тўққиз фарзанднинг отаси бўлган бор-йўғи иккита президент бўлиб келишган, холос.

МДҲ ҳудудидаги аксар аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатлар мисолида олинганида, дейлик, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг олти фарзанди бўлса, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари болаларининг сони бундан икки баравар кам.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг эса, бор-йўғи 2 қизи бўлган, холос.

Татаристон Президенти Рустам Миннихановнинг иккита ўғли бўлса, улардан бири 2007 йилда автоҳалокатда қурбон бўлгани айтилган.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров Ўзбекистон аҳли ва сиёсий доираларига яхши таниш давлат арбобларидан бири бўлади.

У сўнгги бор Ўзбекистонда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг дафн маросимида кўриниш берган.

Шу йил сентябр ойида эса, президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи, марҳумнинг оиласи ва яқинларига ўз таъзиясини йўллашни ҳам унутмаганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг