Рок-юлдуз Боб Дилан адабиёт бўйича Нобел совриндори

  • 13 Октябр 2016
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2016 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти билан АҚШлик машҳур қўшиқчи Боб Диланни тақдирлашга қарор қилинган.

Бу билан Боб Дилан Нобел мукофоти тарихида тақдирланган илк қўшиқ ижодкори бўлган.

75 ёшли рок афсонаси Нобел мукофотига «буюк Америка қўшиқ анъанаси доирасида янги шеърий ифодаларни ижод қилгани учун» муносиб топилган.

Боб Дилан балладачи, рассом ва актёр сифатида ҳам танилган.

Унинг "Шамол учирган" (Blowin' in the Wind) ва "Вақтлар ўзгариб кетаяпти"(The Times They are A-Changin) деб таржима қилиш мумкин бўлган қўшиқлари жуда машҳур.

Боб Дилан узоқ йиллар давомида Нобел мукофотига муносиб кўрилган, бироқ адабиёт бўйича Нобелни тақдирлаш комиссияси аъзолари рок-юлдуз номзодини рад этиб келдилар.

Боб Дилан тахаллус бўлиб, асли исми-шарифи Роберт Аллен Зиммерман.

У 1941 йили туғилган.

Ўзининг мусиқий фаолиятини 1959 йили Миннесотадаги қаҳвахоналарда мусиқа чалиб кун кўриш билан бошлаган.

Боб Дилан 1960 йилларда урушга қарши чиққан фаол сифатида ҳам танилган, унинг Blowin' in the Wind ва The Times They are A-Changin деб номланган қўшиқлари аксилуруш ва инсон ҳуқуқлари кампанияларининг мадҳияларига ҳам айланган.

Дастлаб Боб Диланнинг қўшиқлари анъанавий фолк йўналишида бўлган бўлса, кейинроқ у ўз ижросида электрик мусиқа асбобларидан фойдаланишга ўтади.

Унинг ҳар икки йўналишдаги ижоди мусиқа йўналишига катта таъсир кўрсатади.

Боб Диланнинг 1965 йили чиққан "Highway 61 Revisited", 1966 йилги "Blonde on Blonde" ва 1975 йилги "Blood on the Tracks" деб номланган албомлари кўп машҳурлашган.

Боб Дилан 1980 йиллардан бошлаб дунё бўйлаб концерт сафарларини ташкил қилиб келади, бу сафарларига у "Ҳеч қачон тугамас ижодий сафар" деб ном берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.