Таиландда 30 кунлик мотам бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Таиланд подшоҳи Пхумипон Адулядетнинг вафоти муносабати билан мамлакатда бир ойлик мотам эълон қилинган.

Таиландни 70 йил давомида бошқариб келган, дунёда энг узоқ давр тахтда қолган 88 ёшли подшоҳ Пхумипон Адулядет оғир касалликдан сўнг пайшанба куни 88 ёшида оламдан ўтган эди.

Ўн минглаб қора кийимдаги таиландликлар мотам маросимларини кузатиш учун пойтахт Бангкок кўчаларига чиққанлар. Кўплаб инсонлар қўлларида марҳум қиролнинг суратлари бор.

Ҳукумат одамларга хурсандчилик тадбирлари ўтказмасликни маслаҳат берган. Мамлакат бўйлаб давлат байроқлари туширилган. Концертлар, кинопремьералар ва спорт мусобақалари бекор қилинган ёки бошқа кунга кўчирилган. Жума куни Таиландда расман дам олиш куни деб эълон қилинган.

Хабар сайтлари ўз саҳифалари рангини қора-оққа алмаштирганлар. Барча маҳаллий каналлар марҳум подшоҳ ҳаёти акс этган фильм ва кўрсатувларни намойиш қилмоқда.

Вафот этган подшоҳнинг меросхўри деб унинг ўғли шаҳзода Маха Вачиралонгкорн расман эълон қилинган. Бироқ у отасига мотам сабабли тож кийиш маросими орқага сурилишини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Минлаб одамлар подшоҳ хотирасига ҳурмат кўрсатиб, кўчаларга чиққанлар.

Қироллик саройи олдида минглаб одамлар марҳум билан видолашиш учун йиғилганлар.

Пхумипон Адулядет (Рама IX номи билан ҳам таниқли) 1946 йил 9 июнда тахтга ўтирган эди.

Охирги йилларда саломатлиги ёмонлашган подшоҳ Адулядет омма олдида кам кўриниш бера бошлади.

2014 йил кузида унинг ўт қопи олиб ташланган, ёзда эса юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Таиланд ҳукуматида подшоҳнинг бошқарув ваколатлари деярли қолмаган бўлсада, мамлакатда у қаттиқ ҳурматга эга.

Мухбирлар қайд этишларича, таиландликлар учун доимий ўзгарувчан сиёсий вазиятда подшоҳ барқарорлик рамзи ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.