Ҳалаб болалари: 'Биз ўлишни эмас, яшашни хоҳлаймиз!'

Image caption 12 ёшли Виссам ва 11 яшар Зейн ота-онаси билан Ҳалабнинг шарқий қисмида яшашади.

Сурия ҳукумати мамлакатнинг бир қанча туманларига инсонпарварлик ёрдамларини етказишга рухсат беришини билдирди, бироқ ҳукумат кучлари қамали остидаги шарқий Ҳалабга эмас.

Охирги икки кунда ҳаво ҳужумлари натижасида Ҳалабда камида 150 тинч фуқаро ҳалок бўлди. Қурбонларнинг кўпчилиги болалар.

Икки ака-ука- 12 ёшли Виссам ва 11 яшар Зейн ота-онаси билан Ҳалабнинг шарқий қисмида яшашади.

Би-би-си Today мухбири Марк Томпсон улардан қамалдаги шаҳарда ҳаёт кечириш ҳақида сўраган.

Зейн: Кундузлари одатда ўйнаймиз, расм чизамиз, ўқиймиз, бўш вақтни нимадир билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Ҳар хил ўйинлар ва баъзида қўшиқ айтамиз. Лекин бомбалаш бошланса, яшириниш учун хонадан йўлакка қараб югурамиз.

Би-би-си: Зейн, сизларда уй ҳайвонлари борми? Балки ит, мушук бордир?

Зейн: Йўқ, бизда ҳеч қандай уй ҳайвонлари йўқ. Мен 100 йиллар бўлиб кетди шаҳримизда жониворларни кўрмадим. Ҳойнаҳой, улар бомбалардан қўрқиб, қочиб кетган бўлсалар керак.

Би-би-си: Сизда кўчага чиқиб айланишга, дўстларингиз билан ўйнашга имкон бўладими?

Виссам: Баъзан, лекин жуда кам. Кўчага чиқдик дегунча- вертолётлар учиб ўтади, бомбалаш бошланади. Умуман олганда, менинг деярли ҳамма ўртоқларими Суриядан кетишган.

Зейн: Бизнинг ҳаётимиз жуда оғир. Лекин биз кўникяпмиз. Масалан мен тушаётган бомбаларнинг овозини эшитмасликка, ўчиришга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Қандай қилиб?

Зейн: Мен қулоқларимга бармоқларимни соламан. Бошимни ёстиқ билан ўрайман. Бўлмаса, ухлаш жуда қийин.

Виссам: Бир куни биз уйда меҳмонга кетган ойимни кутиб ўтиргандик. Шунда учоқ шундоқ ёнимиздаги бинога бомба ташлади. Одамлар қичқира бошладилар, улар йиғлар, чопишар , вайроналар остида қолганларни қидиришар эди. Жуда қўрқинчли бўлганди.

Би-би-си: Сизда мактабга бориш имкони умуман борми?

Зейн: Бир ойдан бери мактабга боролганимиз йўқ. Мактабга боришга ҳозирланганимизда самолётлар бочка бомбаларни ташлай бошлайди, ҳаммаёқни вайрон қилади.

Мен шунчалик кўп самолётлар овозини эшитдимки, ҳозир дарров фарқлайман нима учаётганини- вертолётми, бомбардимончими ёки қирувчими. Уларни ажратиб олиш учун Фейсбукда жуда кўп расмларни кўрганман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳалаб шарқидаги ҳудудлар шу кунгача исёнчилар назорати остида қолмоқда.

Мен эслайман, бир куни самолётлар учиб ўтишди ва бомбалашни бошлашди. Ҳар доим ҳам олдиндан яширинишга имкон бўлмай қолади. Бизнинг улгурганимиз- ертўлага тушиб олдик ва самолётлар учиб кетгунича, полга юзимизни бериб ётдик.

Би-би-си: Сиз нима учун уруш кетаётганини биласизларми? Нима бўлаётганини тушунасизларми?

Виссам: Ҳа, мен нима бўлаётганини тушунаман. Бу бизнинг озодлигимиз, келгуси авлоднинг келажаги учун уруш.

Би-би-си: Катта бўлганларингизда нима билан шуғулланмоқчисизлар?

Зейн: Мен архитектор бўлишни истардим. Шунда мен Башар Ассад вайрон қилган ҳамма нарсани тиклашга ёрдам бера оламан.

Би-би-си: Дунё сиз учун нима қилишини хоҳлаган бўлардингизлар?

Зейн: Бутун дунё раҳбарлари Суриядаги урушни тугатиш учун бирлашишларини хоҳлайман. Агар сиз буни қилмасангиз ва уруш давом этаверса, Аллоҳ сизни ҳеч қачон кечирмайди ва бунинг учун сиз албатта жавоб берасиз.

На мен, на менинг дўстларим сизни ҳеч қачон кечирмаймиз, сизни ҳозир ҳам, қиёматда ҳам кечирмайдилар.

Би-би-си: Президент Ассад ва унинг иттифоқчилари Россия ва Эрон ҳарбийларига нима деган бўлар эдингиз?

Зейн: Мана мен нима дейман Сурия Президенти Ассадга: Аллоҳ жазоингни берсин!

Виссам: Мен ҳам сени ҳеч қачон кечирмайман! Аллоҳ олдида сен барча қилганларинг учун жавоб берасан.

Би-би-си: Сизнинг интервьюингизни эшитган британиялик ва дунёдаги бошқа мамлакат болаларига нима деб айтишни хоҳлайсиз?

Виссам: Бизни бу ердан кетишимиз кераклигини айтаётганлар хақ эмаслар. Биз шу ерда, ватанимизда қоламиз.

Зейн: Мен яна қўшимча қилмоқчиман: биз бу ердамиз. Бизни эсдан чиқарманглар. Биз ҳар куни ўлмоқдамиз. Биз яшашни истаймиз, ўлишни эмас (йиғлайди).

Виссам: Ҳа, биз бормиз. Бизни ёддан чиқарманглар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.