"Мосулда тинч аҳолини тирик қалқон қилишлари мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2014 йилдан буён "Исломий Давлат" назорати остида бўлган Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосул учун қаттиқ жанглар кутилар экан, ИШИД тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар янграмоқда.

Халқаро Муҳожирлик ташкилоти огоҳлантиришича, "Исломий Давлат" жангарилари Мосулдаги ўн минглаб қуролсиз одамлар панасига яширинишлари мумкин.

Ироқдаги Халқаро Муҳожирлик ташкилоти вакили Томас Вэйс айтишича, Мосул учун жанглар бошланиши билан қочқинларнинг сони кескин ортишини кутмоқдалар.

Мосулда кимёвий қуролни ҳам ишга солишлари мумкин деган хавотир бор.

Шунинг учун ҳам Халқаро Муҳожирлик ташкилоти мосулликларга ҳимоя ниқобларини тарқатишни бошлаган.

2016 йил мобайнида Ироқ ҳукумат кучлари, Курд жангчилари ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари дастагида қатор аҳоли масканлари "Исломий Давлат" қўлидан тортиб олинди.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий 2016 йил охиригача Мосул шаҳрини ҳам ИШИДдан озод қилишга чақирган эди.

Ироқ қуролли кучлари 17 октябр куни Мосулни "Исломий Давлат"дан озод қилиш мақсадидаги амалиётларни бошлади.

Ироқ армияси замбараклардан шаҳарни бомбардимон қилмоқда.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Мосулни ИШИДдан тортиб олиш осон бўлмайди, бунинг учун бир неча ҳафталар талаб қилиниши мумкин.

Бироқ Мосул устидан назоратнинг қўлга киритилиши "Исломий Давлат"нинг Ироқ ҳудудида барбод этилишини англатади.

ИШИД жангарилари бундан олдин Суриянинг Манбиж шаҳри учун кечган жангларда тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланган эдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.