Трамп: Клинтоннинг режалари учинчи жаҳон урушига олиб келади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Сиз фақат Сурия билан урушмаяпсиз, сиз Сурия, Россия ва Эрон билан муаммога киришдингиз, буни тан олинг!".

АҚШ Президентлигига Республикачи партиядан номзод Доналд Трамп рақиби Хиллари Клинтоннинг Сурия инқирозини бартараф этиш бўйича режалари Учинчи жаҳон урушига олиб келишини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Суриянинг жорий Президенти Башар Ассадни истеъфо беришга кўндиришдан кўра, кўп мамлакатларда тақиқланган "Исломий давлат" жангари гуруҳига қарши курашга диққатни қаратиши лозимдир.

Қўшма Штатлар президентлиги учун Демократик партиядан номзоди илгари сурилган Хиллари Клинтон олдинроқ Сурия устида парвозсиз ҳудуд тузишни таклиф қилган эди.

Бир қатор таҳлилчилар бу қадам Американинг Суриядаги Россия ҳарбийлари билан тўғридан-тўғри қарама-қаршилигига олиб келади, деган фикрдалар.

"Сиз фақат Сурия билан урушмаяпсиз, сиз Сурия, Россия ва Эрон билан муаммога киришдингиз, буни тан олинг!", деб айтган Трамп.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хиллари Клинтон Сурияда парвозсиз ҳудуд тузиш тарафдори

"Россия-ядровий давлат, лекин бошқа фақат музокаралар олиб борадиган мамлакатлардан фарқли тарзда ядровий қурол амал қиладиган давлат",- деб қайд этган жаноб Трамп.

Хавотирлар

Трамп жаноблари шунингдек, Хиллари Клинтон Владимир Путинга нисбатан кескин танқидлари ортидан у билан музокаралар олиб боришга қодир эмас, деб ҳисоблайди.

"У қандай қилиб ўз сўзларидан кечиб, музокаралар столига ўтирмоқчи бўляпти", дейди Трамп.

"Биз қилишимиз керак бўлган нарса, асосий эътиборни Сурияга эмас, "Исломий давлат"га қаратишимиз керак", таъкидлайди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Генерал Данфорд ҳам конгрессменларга Сурияда парвозсиз ҳудуд тузиш бўйича ўз хавотирларини изҳор этган.

"Агар биз Хиллари Клинтонга қулоқ соладиган бўлсак, бунинг ҳаммаси Сурия орқасидан Учинчи Жаҳон уруши билан тугайди", дея огоҳлантиради президентликка Республикачи партия номзоди.

Худди шундай хавотирни ўтган ойда АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Жозеф Данфорд ҳам билдирганди.

"Ҳозир Сурия устида ҳаво ҳудуди ўрнатишга эришиш учун биз Сурия ва Россия билан урушга киришимизга тўғри келади", деган Данфорд.

"Албатта бу ҳақда мен қарор қилмайман, лекин бу борада жиддий ўйлаб, қарор бериш лозим", -тушунтирган генерал Америка конгрессидаги чиқишида.

АҚШ Президентлик сайловлари ноябр ойига режалаштирилган.

ОҚ Уй раҳбарлиги учун Доналд Трамп ва Хиллари Клинтон курашади.

Сайловларга тобора яқин қолар экан, Доналд Трампнинг аёллар ҳақида айтган уятли гаплари ошкор бўлгач, Клинтон хонимни қувватловчилар сони ошгани кузатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.