Сурия: ҳаво ҳужумида 22 бола ва олти ўқитувчи ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MUAZ AL-SHAMI, SYRIAN REVOLUTION NETWORK, VIA AP

ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти хабар беришича, Сурия шимолида ҳаво ҳужуми натижасида 22 бола ва олти ўқитувчи ҳалок бўлган.

Идлиб вилоятида исёнчилар назорати остидаги қишлоқнинг мактаби бомбалашдан зарар кўрган. Сурия ҳукуматига биноан, Идлибда "террористлар"га қарши ҳужумлар уюштирилган.

"Бу фожеа. Бу зўравонлик. Агар бу қасддан, билиб туриб қилинган экан уруш жиноятидир", дейилади ЮНИСЕФ бошқарувчи директори Энтони Лейкнинг ташкилот сайтида босилган хабарда.

Лейкнинг айтишича, бу ҳужум Суриядаги уруш собайнида мактабларга қилинган ҳужумларнинг энг қонлисидир.

Олдинроқ Сурия фаоллари Хасс қишлоғига ҳаво ҳужумидан 22 инсон қурбон бўлгани, 50 нафари яралангани ҳақида хабар тарқатишган.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳақларини кузатиш маркази ҳам 14 бола ва аёллар дохил 22 қурбон борлигини айтади.

Сурия давлат оммавий ахборот воситалари ҳарбий манбаларга асосланиб, бир қанча террористлар ўлдирилганини хабар берганлар.

Идлибнинг Хасс қишлоғи Ҳалабдан жануби-ғарбдан 70 кмдан ошиқ масофада жойлашган.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин мактабга ҳужумни қоралаган.

"Мен умид қиламан, бу бизга боғлиқ эмас. Менга "йўқ" деб айтиш осон, лекин масъулиятим бор. Мен Мудофаа вазиримиз нима дейишини аниқлашим лозим", деб айтган ҳодисага изоҳ берган жаноб Чуркин Франс Прессга.

Айни вақтда БМТ Бош котибининг инсонпарварлик ёрдамлари бўйича ўринбосари Стивен О'Брайен Сурия ва Россия ҳаво ҳужумлари оқибатида Ҳалабда тинч фуқаролар ўлмоқда, уларнинг бир қисми ҳаво ҳужумида, бошқалари очликдан ҳаётдан кўз юммоқдалар, деб айтган. Унинг бу баёноти Чуркин билан тортишувни келтириб чиқарган.

Пайшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Россия ва Сурия ҳарбий учоқлари тўққиз кундирки Ҳалаб шаҳрига 10 километр масофа ҳудудда ҳеч бир парвозни амалга оширмаганини маълум қилган.

"Бироқ жангарилар ўзларининг қўлбола реактив воситаларидан шаҳарнинг аҳоли яшайдиган ҳудудларини ўққа тутишда давом этмоқдалар", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

БМТнинг 2016 йил 1 февралдаги маълумотларига биноан, Сурияда беш йилдан бери давом этаётган урушда жами 366 минг 200 киши, бошқа манбаларга кўра, 470 минг 860 киши ҳалок бўлган.

4.5 миллиондан 7 миллионгача сурияликлар уйларини ташлаб чиққанлар. Беш миллиондан ортиқ инсон қочқинга айланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ