Исёнчилар Ҳалабда йирик амалиёт бошламоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исёнчилар орасида юзлаб марказий осиёликлар, хусусан ўзбеклар ҳам борлиги айтилади.

Сурия исёнчи гуруҳлари Ҳалабнинг шарқий қисмида ҳукумат кучлари қамалини ёриб ўтишни режалаштирган йирик ҳужумларни бошлаётганини эълон қилди.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг жангари гуруҳлардан бирига иқтибосан хабар беришича, амалиётларда ҳеч бир истисносиз "ҳамма исёнчи гуруҳлар иштирок этишади".

Улар орасида илгари "Нусра Фронти" номи билан танилган ва кўп мамлакатларда тақиқланган "Жабҳат Фотиҳ аш-Шом" гуруҳи ҳам бор. Айнан шу гуруҳ таркибида айниқса марказий осиёлик жангарилар кўплиги айтилади.

Айни пайтда жангларда асосан Ҳалаб ташқарисидаги исёнчи гуруҳлар иштирок этишмоқда, энди шаҳарнинг қамалдаги шарқий қисмидаги исёнчилар ҳам қувватлаши кутилади.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳақларини кузатиш марказининг билдиришича, исёнчилар ғарбий Ҳалабга қарата юзлаб ракеталар отишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шарқий Ҳалаб бир неча ойдан бери қамалда.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари маълумотларига биноан, бу камида 15 тинч фуқаронинг умрига зомин бўлган, жароҳатланганларнинг умумий сони 100 дан ортиқ.

Бундан ташқари, жангарилар ҳукумат кучлари манзиллари яқинида икки машинани портлатиб юборганлар.

Исёнчиларнинг асосий нишонларидан бири Латакия яқинидаги Россия авиацияси жойлашган Хмеймим ҳаво базасидир.

Россия бу хабарни ҳали тасдиқлагани йўқ.

Сурия уруши бошланмасидан олдин Ҳалаб мамлакатнинг йирик иқтисодий маркази саналган. 2012 йил шаҳарнинг шарқий қисми исёнчилар қўлига ўтган, ғарбий қисми эса ҳукумат кучлари назоратида.

Башар Ассадга тарафдор кучлар ҳозирда Ҳалабнинг шарқий қисмини қамал қилиб туришибди.

Қамалдагиларнинг сони қамида 275 минг инсон деб кўрилади.

Охирги пайтларда шарқий Ҳалаб Россия ва Сурия авиацияси ҳужумлари остида қолган.

Маълумотларга кўра, охирги ойда болалар ва аёллар, касалхонадаги ярадорлар дохил камида 500 инсон бу ҳужумлар қурбони бўлган. Яна икки мингга яқин тинч фуқаро жароҳат олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.