“Россия ҳужум қилса қандай ҳимояланиш керак?”

Литвадаги намойиш Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Литвада мабодо Россия қўшинлари тажовуз қиладиган бўлса, оддий одамлар ўзларини қандай ҳимоя қилишлари лозимлигига бағишланган китобча нашр қилинган.

75 саҳифали фуқаро мудофаасига бағишланган брошюра Литва Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган ва бир неча ўн минг ададда тарқатилмоқда.

Китобчада ёввойи табиат шароитларида қандай қилиб тирик қолиш бўйича маслаҳатлар ўрин олган.

Муаллифлар Россия қўшниларига қарши куч ишлатишдан ўзини тиймаслигидан огоҳлантирадилар.

Бундан ташқари, нашрда Россия танклари ва қурол-яроғларининг ҳар хил турларига изоҳ берилган.

Брошюра ёшлар ташкилотлари, омма кўп тўпланадиган жойлар ва Интернет орқали тарқатилаяпти.

"Энг муҳими- одамлар хабардор бўлмоқликлари ва қаршилик кўрсата олиш иродасига эга бўлишлари лозим. Агар бу унсурлар кўзга ташланса, агрессор куч ишлатиш учун муҳит ярата олиш имконига эга бўлиши қийин", дейилади унда.

Китобчанинг биринчи нашри 2015 йил январида чиқарилган.

Унинг тақдимоти пайтида Литва Мудофаа вазири Юозас Олекас аҳолини агрессияга қарши тайёрлаш ғояси Россиянинг Украинага нисбатан ҳаракати ва балки Литвага ҳам ҳужум эҳтимоли борлиги билан изоҳлаган эди.

Шу йил ёзда НАТОнинг Варшавада бўлиб ўтган саммитида Шарқий Оврўпо мамлакатларига НАТОнинг қўшимча қўшинларини жойлаштиришга қарор қилинган эди.

Яқинда Шарқий Оврўпода ўз қўшинларини жойлаштиришга тайёрлигини билдирган НАТОга аъзо мамлакатларнинг сони 16 тага етгани хабар қилинди.

2017 йилда НАТО Шарқий Оврўпода тўртта: Польша, Эстония, Латвия ва Литвада ўз батальонларини жойлаштириши режалаштирилган.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқ Россия билан қарама-қаршиликка боришни, янги "Совуқ уруш" бошланишини хоҳламасликларини, бироқ Шарқий Оврўпода қўшимча қўшинлар жойлаштириш зиддият олдини олиш мақсадини кўзлаганини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.