Халқаро Амнистиянинг Москвадаги идораси муҳрланди

Москва Фото муаллифлик ҳуқуқи AMNESTY INTERNATIONAL

Бу ҳақда Би-би-сига халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг Россиядаги идораси раҳбари Сергей Никитиннинг шахсан ўзи билдирди.

Унинг айтишича, бу ишнинг сабаби ўзларига буткул қоронғу.

"Ходимларимиз маҳаллий вақт билан эрталаб 10:30 ларда Москва марказидаги идорамизга келиб, эшигининг, афтидан, синдирилганига гувоҳ бўлишган", - дея маълум қилган Сергей Никтин.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, идоралари шундоққина Москва шаҳар кўчмас мулк идорасининг рўпарасида жойлашган.

Жаноб Никитинга кўра, идоралари эшиги айни шу ташкилот муҳри босилган ва телефон рақамлари туширилган қоғоз билан муҳрланган.

Аммо сабабини билиш учун идора томонидан қолдирилган бу рақамга қўнғироқ қилиб, тушиш уринишлари зое кетган, ҳеч ким қўнғироқларига жавоб бермаган.

"Москва шаҳар кўчмас мулк идораси нега бундай қилган бўлиши мумкин? Бизни аввалдан огоҳлантиришгани ҳам йўқ. Ижара ҳақи октябр ойи учун ҳам тўланган. Устига устак, биз ижара ҳақини ҳеч қачон кечиктирмаган бўлсак", - дейди у.

Amnesty International халқаро ташкилотининг Россиядаги яна бир ходими Александр Артемьевнинг айтишича, идораларига электр таъминоти ҳам кесиб қўйилган ва ичкарига киролмай ҳалаклар.

Бу ташкилотга 1961 йилда Буюк Британияга асос солинган.

Уни ташкил қилишдан мақсад - инсон ҳақларининг поймол этилиши ҳолларига эътибор тортиш ва халқаро меъёрларга амал этилишини таъминлаш бўлган.

Ташкилот ўз фаолияти учун Нобель Тинчлик мукофоти билан ҳам тақдирланган.

"Хорижий Жосуслар тўғрисида"ги қонун кучга кириши ортидан, Россиядаги қатор халқаро нодавлат ташкилотлари ва жамғармалар ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.