Туркиянинг курд сиёсий раҳбарлари ҳибсда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP/Reuters
Image caption Селаҳиттин Демирташ ва Фиген Юксекдағ ҳибсга олиндилар

Туркиянинг Халқ Демократияси (ХДП) курдпараст мухолиф партияси раҳбарлари камида тўққиз бошқа депутат билан биргаликда ҳибсга олинганлар.

Селаҳиттин Демирташ ва Фиген Юксекдағ Туркия давлатига қарши курашган жангарилар учун тарғибот ёйишда айбланмоқда.

Жаноб Демирташ Диярбақирда ҳибсга олинганидан бир неча соат ўтиб, машинага ўрнатилган бомба саккиз кишини ўлдирди ва 100дан ортиғини яралади.

Туркиянинг энг йирик сонли озчилиги бўлмиш курдларнинг жангарилари йиллар оша мустақиллик учун курашиб келадилар.

Туркия июль ойида давлат тўнтариши ҳаракати барбод қилинганидан бери фавқулодда вазият ҳолатида қолмоқда.

Бу ҳолат Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ва унинг вазирлар маҳкамасига парламент розилигисиз ҳам янги қонунларни ишлаб чиқариш, ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклашга имкон беради.

Ҳукуматнинг даъво қилишича, ҳибсга олинган сиёсатчилар терговчилар таклифларига жавоб бермаганлар. Ҳозирда хорижда бўлган яна икки ХДП депутати номига ҳам ҳибс санкцияси эълон қилинган.

Курдларга қарши босим ошган: курд матбуоти ёпилган, Диярбақир шаҳри ҳокими ҳибсга олинган.

Курд ишчилар партияси (ПКК) билан эришилган оташкесим 2015 йилда барбод бўлиши ортидан Туркиядаги кўп йиллик курд масаласига ечим топиш умидлари ҳам пучга чиққан.

Жаноб Демирташ ўзининг либерал сиёсати билан халқаро қўллаб-қувватловга эришди, аммо унинг танқидчилари у ўз партиясини ПККдан йироқлаштира олмаганини айтишади.

Жума кунги ҳибслар курдлар орасидаги хавотирлар ва зўравонликни янада кучайтириши мумкин.

ХДПнинг ПККга алоқаси борми?

Энг асосий курдпараст партия деб кўрилса-да, ХДП турфахил аъзолардан ташкил топган. Унинг сафига, мисол учун, сўл қанот сиёсатчилар, либераллар, табиат муҳофазачилари, гей ҳуқуқлари фаоллари ва диндор мусулмонлар киришган. Шунинг учун у Туркиядаги учинчи энг йирик партияга айланган.

У ўтган йили 59 ўринни қўлга киритиши билан илк бора парламент таркибига кирди.

Сайловолди кампаниясида у ўзига қарши бир қатор қонли ҳужумларга қарамай, мўътадил сиёсий баёнотлар билан чиқди.

Мазкур партия ПККга алоқаси борлигини қатъиян рад этади.

Жаноб Демирташ ва унинг сафдошлари Президент Эрдўғонни ўз қудратини ошириш учун ХДПни парламентдан сиқиб чиқаришга уринишда айблайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар