Трампнинг мусулмонларга оид сўзлари йўқолиб қолди

Америка мусулмонлари Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Республикачи номзоднинг АҚШ президент сайловларида ғалабасини таъминлаган бир қанча шов-шувли даъватлари унинг расмий веб-сайтидан олиб ташланган.

Аён бўлишича, уларнинг сирасида мусулмонларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини буткул тақиқлашга оид чақириғи ҳам бор.

Дональд Трампнинг бу даъвати Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳрида юз берган отишма ортидан янграганди.

Аммо жаноб Трампнинг сайлов штаби вакиллари унинг расмий веб-сайтидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортишган.

Америка ва мусулмонлар

Ўтган йил охирида Жанубий Каролинада ўз сайловчилари қаршисида чиқиш қиларкан, жаноб Трамп бундан бошқа танловлари йўқлигини айтганди.

Республикачи номзод сўнгги сўровлар аксарият мусулмонларнинг Америкага нисбатан нафрат туйишларига далолат қилишини иддао қилганди.

"Бунинг тагига етмагунларича, четдан келаётган мусулмонларга Америка эшиклари ёпилиши лозим"лигини баён қилганди.

"Пью" тадқиқот марказининг янги ҳисоботида айтилишича, мусулмонларнинг миграциясига оид Америка Қўшма Штатларидаги сўнгги баҳсу мунозаралар аксариятда улар ҳозир мамлакат аҳолисининг неча фоизини ташкил этишига оид саволларни пайдо қилмай қолмаган.

"Аммо аҳолини рўйхатга олиш ишлари жараёнида фуқаролардан диний мансубликлари сўралмаслиги боис, Америкадаги мусулмонларнинг аниқ сонига оид расмий маълумотлар йўқ", - дейилади марказнинг ҳисоботида.

Агар, ўтган йилги имконли бўлган маълумотларга таянилса, уларнинг сони қарийб 322 миллион кишидан иборат.

Тадқиқотчиларнинг ўз хулосаларига таяниб айтишларича, Америкадаги мусулмонларнинг сони келаси 35 йил ичида 1 фоиздан 2.1 фоизга ортади.

Ўзининг бу даъвати ҳам Америка ичкариси ва ҳам ташқарисида кескин танқидларга сабаб бўлган эса-да, Дональд Трамп президентлик учун курашидан воз кечмаслигини баён қилганди.

Янги режалар

АҚШ Конгресси спикери Пол Райан билан пайшанба кунги учрашуви ортидан, янги сайланган Республикачи президент ўз режалари билан ўртоқлашган.

Президент курсисини эгаллаши билан қилажак ишлари ҳақида айтиб берган.

Энг аввало солиқларни камайтириш, президент Барак Обаманинг мамлакат Соғлиқни сақлаш тизимига оид ислоҳотларини бекор қилиш ва миграция муаммоси билан шуғулланишга ваъда берган.

"Биз америкаликлар учун ажойиб ишларни амалга оширамиз", - деб айтган Дональд Трамп.

Орада якшанба куни сайланган янги президент Оқ уйда Барак Обама билан ҳам учрашган.

Қудратни силлиқлик билан ўз қўлига олиш масаласини муҳокама этган.

Барак Обама билан учрашиш - ўзи учун катта шараф эканини ҳам қўшимча қилган.

"Кўплаб саволларни қамраб олган аъло даражадаги суҳбатларидан" қанчалик руҳланганини баён қилишни-да унутмаган.

Оқ уй вакили Жош Эрнестнинг сўзларига таянилса, Барак Обама қудратни ғолиб Республикачи номзодга силлиқлик билан топширишга чин дилдан ваъда берган.

Унинг бу сўзлари икковлоннинг Оқ уйдаги учрашувлари арафасида янграган, аммо вакил жаноблари "Дональд Трамп ва Барак Обамаларнинг "мулоқотлари осон кечмаслиги"ни башорат қилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ