Голландияда маҳбуслар нега камайиб кетди?

Қамоқхона

Жаҳоннинг деярли ҳамма мамлакатида қамоқхоналарда маҳбуслар сони ҳаддан ташқари кўплиги муаммоси мавжуд.

Лекин Голландияда бунинг тескариси. Маҳбуслар сони камайиб кетган ва охирги 5 йил мобайнида 19 қамоқхона умуман ёпилган.

Бунга қандай эришилди ва нима учун баъзилар буни муаммо сифатида кўрмоқдалар?

Мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Норгерҳавен қамоқхонасида маҳбуслар ўзларининг кечки овқатларини тайёрлашмоқда.

Маҳбуслардан бири моҳирлик билан сабзавотларни кесади.

"Олти йилдан бери анча тажриба орттирдим", дейди у.

Лекин пичоқ столга занжирланган. Пичоқни ўзлари билан камерага олиб кетмасликлари учун шундай қилинган. Пичоқ керак бўлса, ҳужжатларини топшириб, кичикроғини олишлари мумкин.

Зўравон жиноят учун қамалган маҳбуснинг пичоқ билан ишлашга рухсат берилишини тасаввур қилиш қийиндир, лекин пазандаликни ўрганишлари озодликка чиққандан сўнг уларнинг оддий ҳаётга қайтишларига ёрдам беради.

"Голландия тизимида биз ҳар бир шахсга алоҳида эътибор берамиз", дейди қамоқхона раҳбари Ван дер Споел.

"Кимдир гиёҳвандликка чалинган бўлса, уни даволаймиз. Зўравон бўлса, жаҳлни назорат остида ушлаб турадиган терапия таклиф қиламиз. Молиявий муаммолари бўлса, маслаҳат берилади. Хуллас, жиноятни келтириб чиқарган сабаблар бартараф қилинади. Маҳбуснинг ўзи ўзгариш истагида бўлиши керак, лекин усулларимиз иш бермоқда".

Унинг илова қилишича, қамоқхонага қайта-қайта келаётган маҳбусларга 2 йиллик муддат белгиланиб, реабилитация дастури ишлаб чиқилади. Улардан фақатгина 10 фоиздан камроғи қамоққа қайтадилар.

АҚШ ва Британияда қисқа муддат қамалганларнинг деярли ярмининг келажакда яна қамоққа қайтишлари кузатилади. Қайта жиноятга қўл урган ёшларнинг сони эса бундан-да кўпроқ.

Ҳудди шу яқин атрофдаги яна бир қамоқхонада сайр учун кенг майдон, 4 та футбол ва волейбол майдонлари бор. Тоза ҳаво ҳам маҳбуслар ва ҳам ходимларнинг стресс даражасини камайтириши айтилади.

10 йилча аввал Голландия маҳбуслар сони бўйича Оврўпода етакчи ўринлардан бирида эди. Ҳозир энг паст даражага тушган.

Аммо охирги 10 йилда маҳбуслар сони 43% га камайганига сабаб фақатгина реабилитация дастурлари эмас.

Ҳозирда эътибор гиёҳванд моддалар савдосидан, инсон трафикинги ва терроризм муаммоларига қаратилмоқда.

Қамоқ жазосига муқобил ҳакамлар жаримага тортиш, мажбурий жамоат ишлари ва электрон назорат мосламаси каби усулларни таклиф қилмоқдалар.

Голландия жазони ўташ тизими раҳбари Анжелин ван Дижкнинг айтишича, қамоқ жазоси фақатгина ўта хавфли жиноятчилар ва ёрдамга муҳтож бўлганлар учун берилмоқда.

"Баъзида ўз ишида ва оиласи бағрида қолиб, бошқа йўлда жазони ижро этиш яхшироқ самара бермоқда".

Охирги 8 йилда мамлакатда жиноятлар сони 25%га камайган. Баъзиларга кўра, бу ўз навбатида полиция участкаларининг ёпилиши ва бюджет харажатлари қисқартилишига, мавжуд жиноятларни очишдаги камчиликларга олиб келиши мумкин.

Қамоқхона тизими собиқ раҳбари ва ҳозирда мухолиф сиёсатчи Мадлен ван Туренборгнинг айтишича эса, аслида маҳбуслар сони камайганига сабаб жиноятлар камроқ очилаётганидир.

Баъзи қамоқхона ходимлари ҳам қамоқлар ёпилиб, ишсиз қолаётганларидан рози эмаслар.

Бўш қолаётган қамоқхоналарни тўлдиришнинг кутилмаган бир усули ҳам қўлланилмоқда. Норвегия ва Белгиядан маҳбусларни олиб келина бошланган.

Норгерҳавен қамоқхонасида яқинда Скайп хонасини ҳам очишди. Чунки яқинларини кўриш учун келиш сарф-ҳаражатлари анчагина. Хорижлик маҳбусларнинг яқинлари келишлари эса ундан-да, мушкулроқ.

Майклнинг хонаси деворларида футбол жамоаси ва тўрт фарзандининг сурати бор. У асли полшалик, лекин Норвегияда ҳукм қилинган.

"Хотиним тўрт болага қараш ва иш билан овора. Мени келиб кўра олмайди. Шунинг учун, бу қамоқхонани танладим. Уларни нафақат телефонда эшитиш, балки кўриш имконига ҳам эгаман", дейди Майкл.

Лекин бу икки қамоқхонанинг ҳам келгуси йили ёпилиши мўлжалланмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг