Марказий Осиёда ОАВга босим кучаймоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Марказий Осиё ОАВ билан боғлиқ вазият қандай?

Сўнгги хабарларга қаралса, минтақа бўйлаб оммавий-ахборот воситаларига нисбатан ҳукуматларнинг босими кучайган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Тожикистоннинг хусусий TojNews агентлиги ёпилган.

Агентлик ходимларига кўра, мамлакатда "эркин журналистика" йўқолиб бормоқда.

Агентликнинг ишонишича, қисқа муддат ичида яна бир қатор мустақил нашрлару агентликлар шундай йўл тутишга мажбур бўлишади.

Тожикистонлик журналистларга кўра, TojNews ёпилиши бошқалар учун "ёмон аломат" ва ўз-ўзини цензура қилиш анъанасини яна ҳам кучайишига хизмат қилади.

INDEM ташкилотига қарашли саналган TojNews "Нигоҳ" ҳафталигининг муассиси саналарди.

"Нигоҳ" ўтган ой расмийлар аралашувидан нолиб, ўз фаолиятига нуқта қўйганди.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги вақтлар президент Эмомали Раҳмоннинг ҳукумати мустақил ва эркин матбуотга нисбатан тобора тоқатсиз мавқеини эгалламоқда.

Бундан атиги бир неча йил аввал ҳам минтақада нисбатан эркин матбуоти билан фарқланадиган Тожикистонда бугун вазият кескин ёмонлашмоқда, дейди мустақил журналистлардан бири.

"Конституцияга сўнгги ўзгартиришлар, хусусан, Раҳмонни "миллат пешвоси" деб эълон қилиниши, Ислом Уйғониш партиясини расман "террорчи" деб тамғаланиши ортидан вазият кескин ўзгармоқда. Биз собит қадамлар билан яккаҳокимлик - диктатура томон одимламоқдамиз", дейди ўз исмини сир тутган тожикистонлик журналист.

Қозоғистонда вазият қандай?

Собиқ мухолифат аъзоси ва Central Asia Monitor ҳафталигининг муҳаррири Бигелди Габдуллин "шантаж қилиш" айблови билан ҳибсга олинган. Порахўрликка қарши кураш давлат мулозимларига кўра, Габдуллин мулозимларни улар ҳақида танқидий мақола ёзиш билан қўрқитиб, ўзи учун манфаатли шартномаларга эришиб келган.

Бигелди Габдуллин собиқ мухолифатчидир. У ўз газетаси ёпилиши ортидан 2001 йилда АҚШга ҳижрат қилган, кейинроқ президент Назарбоевдан кечирим сўраб, ватанига қайтганди.

Бундан бир ой аввал эса давлат мулкини ўмаришда айбланиб, машҳур журналист, президент Назарбоевнинг собиқ матбуот воизи Сейтқози Матаев олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Сейтқози Матаев ўз чиқишида прокуратура бу иш бўйича астойдил текширув ўтказмаганлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, ишда аниқ фактлар йўқ, у фақат қуруқ гап, тахминларга асосланган.

Ўзбекистон ва Туркманистондаги ҳолат…

Бу мамлакатлардаги вазият бири-биридан деярли фарқ этмайди.

Ҳар иккала давлатда Горбачёвнинг қайта қуриш сиёсати давридан кейин эркин матбуотга мутлақо изн берилмаган.

Мустақил журналистлар доим босим остида бўлишган.

Ўзбекистонда Солижон Абдураҳмонов ва Муҳаммад Бекжон каби журналистлар ҳамон қамоқда қолишмоқда.

Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналистлардан биридир.

Ҳукуматнинг назорати "Freedom House" назарида

Агар, "Freedom House" ташкилотининг янги ҳисоботи тафсилотларига таянилса, дунё бўйлаб интернет фойдаланувчиларининг учдан икки қисми интернетни цензура қилувчи режимлар бошқаруви остида яшашади.

Интернет эркинлиги билан боғлиқ аҳвол эса, кетма-кет олтинчи йилдирки, ёмонлашишда давом этган.

Ҳукуматлар турли ижтимоий-мулоқот тармоқлари баробарида WhatsApp ва Telegram каби мессенжерларга имкониятни тўсиш ҳаракатига тушиб қолишган.

Дейлик, энг кўп тўсиққа учраётган WhatsApp дунёнинг 65 давлатидан 12 тасида тақиқланган экан.

Қолган ижтимоий-мулоқот тармоқлари билан таққосланганда эса, ҳибсга олинган фойдаланувчилари борасида бу йил улардан ҳеч бири "Facebook" никига бас кела олмабди.

Бу каби ҳоллар дунёнинг 27 давлатида кузатилибди ва ёйилишда ҳам давом этмоқда экан.

Эстония ва Исландия эса, жаҳондаги, таъбир жоиз, интернетни "энг бўш қўйган" давлатлар бўлиб чиқишибди.

Осиёда интернетга нисбатан тоқатлилик бобида Японияга етадигани топилмабди.

Хитой жаҳондаги интернет эркинлигини энг кўп чекловчи давлат бўлиб чиқибди.

Ундан кейинги ўринларни эса, Сурия, Эрон, Эфиопия, Ўзбекистон ва Куба эгаллашибди.

Янги халқаро ҳисобот хулосалари жаҳоннинг 65 мамлакати ва дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг 88 фоизини қамраб олган.

Американинг "Freedom House" ноҳукумат ташкилоти эса, ҳар йил жаҳондаги сўз эркинлиги, сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, баҳолаб боради.

Бу халқаро ташкилотнинг хулоса қилишича, аксилтеррор чоралари сабаб, ҳам демократик ва ҳам авторитар мамлакатларда сўз эркинлиги, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва бизнес амалиётлари билан боғлиқ вазият зиён чекиши хавфи остида қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг