Би-би-си Жаҳон хизмати янги 11 тил хизматини очади

BBC World Service

Би-би-си Жаҳон хизматининг 1940 йиллардан кейинги энг катта кенгайиши эълон қилинди. Бу кенгайиш доирасида янги 11 тил хизмати ташкил этилади.

Бу ўтган йили ҳукумат эълон қилган қўшимча маблағ ажратиш қарорининг натижасидир.

Ҳозирда Би-би-си Жаҳон хизмати таркибида бўлган тил хизматлари сафига Афаан Оромо, Амхар, Гужарати, Игбо, Корейс, Марати, Пиджин, Панжоб, Телугу, Тигриня, ва Йоруба тилларидаги таҳририятлар қўшилади. Бу дегани Би-би-си Жаҳон хизмати инглиз тилини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 40 тилда фаолият юритади. Кенгайиш бутун дунё бўйлаб янада кўпроқ журналистларнинг Би-би-сига қўшилишини англатади.

Янги тил хизматлари 2017 йилдан фаолиятини бошлайди.

Чоршанба кунидан Тай тилида тўлақонли рақамли хизматни йўлга қўяди, бу 2014 йилда фақат Фейсбукда бошланган муваффақиятли хизмат давомидир.

Кенгайиш режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

· Янада кенгроқ Рус тилидаги ахборот бюллетенлари, улар орасида Россияга қўшни мамлакатларга йўналтирилган минтақавий янгиликлар ўрин олади

· Африка бўйлаб телевизион кўрсатувлар сонининг кўпайтирилиши, шу жумладан Саҳрои Кабирдан жанубдаги шерик телеканаллар учун 30 дан ортиқ телеянгиликлар тайёрлаш

· Би-би-си Араб хизматини бутун Араб дунёсининг минтақавий янгиликларини қамраган дастурлар билан кенгайтириш

· Корея ярим оролидаги аудиторияга мўлжалланган қисқа ва ўрта тўлқиндаги радио дастурлар, онлайн ва социал медиада материаллар тарқатиш

· Жаҳон Хизматининг Инглиз тили янгилик дастурларини оригинал журналистика ва янада кенгроқ мавзу билан бойитиш эвазига сармоя йўналтириш

· Би-би-си Жаҳон Хизматини кўпроқ рақамли ахборот тарқатиш, хусусан, янги телевизион янгилик бюллетенлари тайёрлашга ўтказиш. Бунинг натижасида 40 хизматнинг ҳаммаси янада кўпроқ видеоларни тарқатишга имконли бўлади.

· Кўпроқ эътиборни таҳлилларга қаратиш ёки бошқача айтганда "секин янгиликлар" билан аудиторияга дунёда юз бераётган ҳодисаларни "нега" бундай бўлганини тушунтириш.

Би-би-си Бош Директори Тони Ҳолл шундай дейди:

"Бу Би-би-си учун тарихий кун. Биз Жаҳон Хизматининг 1940 йиллардан кейинги энг йирик кенгайишини эълон қилмоқдамиз. Би-би-си Жаҳон Хизмати тождаги олмос - ҳам Би-би-си учун ва ҳам Британия учун.

Биз ўзимизнинг юз йиллигимизга яқинлашар эканмиз, мен Би-би-сини ўзига ишонган, дунёга очиқ, жаҳон бўйлаб ярим миллиард инсонга мустақил, холис журналистика, энг юқори даражадаги кўнгилочар дастурлар тақдим этаётган ташкилот сифатида кўрмоқдаман. Ва бугун ушбу мақсад йўлида биз энг муҳим қадамни қўймоқдамиз"

Би-би-си Жаҳон Хизмати директори Франческа Ансуорт шундай дейди:

"Урушлар, инқилоблар ва глобал ўзгаришлар замонида бутун дунё бўйлаб одамлар Жаҳон Хизматига мустақил, ишончли, холис ахборот манбаси сифатида мурожаат қиладилар. Кўпгина жойларда сўз эркинлиги босим остида қолар экан, биз мустақил ахборот манбаси сифатида XXI асрда ҳам долзарб бўлиб қолмоқдамиз".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг