ИШИД қадимий Нимрудга етказган шикаст

Маҳаллий қўмондонлардан бири: "100 фоиз вайрон этилган" Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Маҳаллий қўмондонлардан бири: "100 фоиз вайрон этилган"

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ Ироқнинг қадимги шаҳри Нимрудга етказган шикаст миқёси аниқлашмоқда.

Икки кун илгари Ироқ ҳукумат кучлари Нимруд устидан назоратни қўлга киритган эдилар.

Қадимги шаҳарнинг аксар қисми вайроналар остида қолган, ҳайкаллар парчалаб ташланган.

Ўтган йили ИШИД ўзининг видеоларини тарқатган, бу видеокадрларда жангарилар ҳайкаллар ва бошқа осори-атиқаларни портлатаётганлари ёки уриб синдираётганлари акс этган эди.

Ироқ ҳукумат кучлари Нимрудни Мосул шаҳрини ИШИД қўлидан тортиб олиш мақсадидаги йирик амалиёт доирасида ўз назоратига олди.

Мосул икки йил давомида ИШИДнинг Ироқдаги бош қароргоҳи бўлиб хизмат қилиб келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мана бу фотосуратда эшик ёнидаги икки улкан қанотли буқалар ҳайкаллари акс этган.
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мосулдан 32 километр жанубда жойлашган Нимруд шаҳрига 3300 йил олдин асос солинган

Ҳарбий учоқлар Мосул аэропортини бомбардимонга тутар экан, Ироқ қуролли кучларининг махсус тезкор гуруҳи Албу Саиф қишлоғи атрофини ўраб олган.

Мосулдан 32 километр жанубда жойлашган Нимруд шаҳрига 3300 йил олдин асос солинган.

Кейинроқ Ассурия империяси пойтахти Калху деб билинган.

Қадимги Нимруд 3,5 квадрат километр майдонни эгаллаган, у ерда машҳур "қалъа", Ассурия шоҳларининг қаср ва мақбаралари, улар ўзига худо деб билган илоҳлари учун барпо этган ибодатхоналар, улкан шерлар ва қанотли буқаларнинг ҳайкаллари, зиккурат бор эди.

ИШИД Нимрудни 2014 йилнинг июнида Мосулни қўлга киритганидан кейин босиб олганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нимрудда зиккурат бор эди. Тўғри бурчакли қалъа шаклидаги зиккурат шу вақтгача қадимги замонлардан сақланиб қолган энг баланд бино қолдиқлари деб кўриларди.
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мана бу фотосуратда эшик ёнидаги икки улкан қанотли буқалар ҳайкаллари акс этган.

2015 йил мартида Ироқ Туризм вазирлиги ИШИД жангарилари қадимги шаҳарни вайрон этиш учун булдозер ва бошқа оғир техникани ишга солаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Орадан бир ой ўтиб, ИШИД жангарилар ҳайкалларни болғалар билан уриб вайрон этаётгани, қолганини эса портлатиб юборганлари тасвирлари туширилган видеони эълон қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption ИШИД 2015 йил апрелида эълон қилган видеода Нимруд қандай портлатилгани акс этган.
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption ИШИД видеосида жангарилар ҳайкалларни болғалар билан уриб вайрон этаётгани ҳам акс этган.

Нимруднинг ҳозирги аҳволини бориб кўрган маҳаллий қўмондонлардан бири Али ал-Байатий шундай деган: "Авваллари бу ерга келганингда, қадим замонларда қандай яшаганларини тасаввур қила олардинг. Энди ҳеч нарса қолмаган".

"100 фоиз вайрон қилинган. Нимрудни йўқотиш мен учун ўз уйимни йўқотишдан ҳам оғриқлироқ", деб айтган Али ал-Байатий.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption ИШИД Исломдан олдинги санъат ва меъморчилик намуналарини бутпарастлик деб билади.
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ироқнинг осори-атиқаси вайрон этилишини ЮНЕСКО уруш жинояти деб таърифлади.

БМТнинг маърифат, илм-фан ва маданият бўйича бўлими ЮНЕСКО Нимруднинг вайрон этилишини уруш жинояти деб таърифлади.

"ИШИД Ироқ халқи тарихининг ҳамма изларини йўқ қилиш қарорида қатъий", деб қоралаган ЮНЕСКО.

Ўзини жиҳодчи гуруҳ деб биладиган ИШИД Ислом динидан олдинги замонларга оид санъат ва меъморчилик намуналари бутпарастлик деб билади ҳамда Ироқ ва Сурия ҳудудидаги бир неча қадимги жойларни вайрон этди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар