Мянмарда 30 минг одам яшаб турган жойини ташлаб қочган

Роҳинга мусулмонлари болалари Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

БМТ тарқатган хабарга кўра, Бирмадаги сўнгги зўравонликлар оқибатида 30 минг инсон ўзларининг уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Бундай баёнот билан БМТнинг Инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш идораси (Office for the Coordination of Humanitarian Affairs - OCHA) чиққан.

"9 октябрдаги шимолий Рахине штатидаги қуролли ҳужумлар ва бу ҳужумлардан кейинги хавфсизлик амалиёти оқибатида 30 мингча инсон яшаб турган жойларидан кўчирилганлар ва бу ҳодисалар яна минглаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатган", деб айтган OCHA сўзчиси.

БМТга кўра, уйини ташлаб қочганларнинг ярми ўтган шанба-якшанба Мянмар ҳарбийлари билан юз берган тўқнашувларда ўнлаб одамлар ўлдирилгани ортидан кўчирилганлардир.

Мянмар ҳукуматига кўра, Роҳинга мусулмонларидан иборат қуролли гуруҳ Рахиге штатидаги полиция постларига ҳужум қилганлар, полициячиларни ўлдириб қурол-яроғни олиб кетганлар.

Рахине штатига кўп сондаги армия кучлари ташланди.

Бу штатда асосан Роҳинга мусулмонлари истиқомат қиладилар, Роҳингаларни Мянмар ҳукумати ўз фуқароси деб тан олмайди.

Рахинега ҳарбийлар ташланганидан кейин фаоллар тинч Роҳингалар ўлдирилгани, аёллар жинсий зўрлангани, уйларга ўт қўйилгани ҳақида хабарлар тарқатмоқдалар.

Мянмар ҳарбийлари бу айбловларни рад этиб келишаяпти.

Охирги бир ҳафта мобайнида армия полициячиларга ҳужум қилган қарийб 70 қуроллини ўлдирганини хабар қилди.

Бироқ фаоллар ўлдирилган Роҳингаларнинг сони бундан ҳам кўп экани, ўлганлар орасида болалар ва аёллар ҳам борлигини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Мянмар ҳукумати журналистлар ёки фаолларнинг Рахине штатига киришларини тақиқлаган, шунинг учун у ердаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш имконсиз қолмоқда.

Зўравонликлар туфайли кўп сондаги Роҳингалар қўшни Бангладешга ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бангладеш ҳукумати эса Роҳингалар йўлини тўсиш мақсадида Мянмар билан чегарага ўз ҳарбийларини ташлаган.

18 ноябр куни Бангладеш чегарадаги қўшинлар сонини кўпайтиришга қарор қилди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Бангладеш ҳарбийлари Роҳингаларнинг Бангладеш ҳудудига ўтишларига рухсат бермаяптилар.

Қирғоққа яқинлашган кемалар қувиб солинган, қочқин Роҳингалар ўтирган кемалар денгизга чиқиб кетган.

Нобел мукофоти билан тақдирланган демократ Аун Сан Су Чин хоним ҳаракати сайловда ғалаба қозониб ҳокимиятга келганига 1 йил бўлди.

Бироқ Сан Су Чи хоним ҳам ўз мамлакатидаги Роҳингалар дуч келаётган муаммолар ҳақида сўз очишни истамайди.

2012 йили Бирманинг Рахине штатида маҳаллий буддавий ва Роҳинга мусулмонлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан, оқибатда 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўн минглаб Роҳингалар ўз уйларини ташлаб қочган эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг