Жанубий Корея: "Президент Пак Кин Хе кетсин!"

Норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жанубий Корея пойтахти Сеул кўчаларига чиққан ўн минглаб инсонлар Президент Пак Кин Хе истеъфосини талаб қилмоқдалар.

Истеъфо талаби норозилик намойишлари бошланганига бир ой бўлди.

Намойишлар тинч ўтмоқда, бироқ кўчаларга кўп сондаги полиция ходимлари жойлаштирилган, президент саройига элтадиган йўллар автобуслар ва юк машиналари билан тўсиб қўйилган.

Одамлар давлат ишларига Пак Кин Хе хонимнинг дугонаси Чхве Сун Сил аралашганидан ғазабланмоқдалар.

Пак Кин Хе хоним телевидение орқали чиқиб икки марта кечирим сўради, лекин истеъфога чиқишдан бош тортмоқда.

Ҳамма жанжал журналистларнинг ахлат қутисидан бир компютер топиб олганларидан бошланди.

JTBC кабел телевидениесининг журналистлари октябр ойи охирида Сеулдаги меҳмонхона ахлат қутисидан топилган планшетда 2012-2014 йилларга тааллуқли 200 та махфий ҳужжатни топганлар.

Бу ҳужжатлар орасида Президент Пак Кин Хенинг 44 та нутқи қораламалари бўлган.

Маълум бўлишича, президент нутқини унинг яқин дугонаси Чхве Сун Сил таҳрир қилган.

Бу аёлни мухолифат "фолбин" деб таърифлайди, матбуотда Чхве Сун Силни Жанубий Корея Распутини деб ҳам атамоқдалар.

Прокуратура ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғади ва Чхве Сун Сил ҳибсга олинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президентнинг дугонаси ўзининг давлат раҳбарига яқинлигидан шахсий манфаатларида фойдаланиш, давлат ишларига аралашишда гумон қилинмоқда.

Чхве Сун Сил ширкатларни ўзининг хайрия жамғармасига пул ўтказишга мажбурлаган деб кўрилмоқда.

Шунингдек, у президентга ўз ёрдамчиларини танлаш, ҳатто кийимини танлашда ёрдам берган, дейилмоқда.

Матбуот хабарларига кўра, терговчилар ушбу иш юзасидан Hyundai Motor ва Korean airlines ширкатларининг раҳбарларини сўроқ қилганлар, савол-жавобга Samsung ширкати раҳбари чақирилиши мўлжаллангани хабар қилинган.

Президент Пак Кин Хени ҳам сўроққа чақириш режалаштирилган, Пак хоним тергов билан ҳамкорлик қилишга ваъда берган.

Можаро туфайли президентнинг рейтинги тушиб кетди.

Пак хоним бош вазир, молия вазири, президент маъмурияти раҳбари ва сиёсий котибини лавозимларидан бўшатди.

У давлатнинг муҳим ҳужжатлари дугонасининг қўлига тушиб қолгани учун ўзи масъул эканини айтиб халқдан узр сўради.

64 ёшли Пак Кин Хе 2012 йилги сайловда ғалаба қозонган Жанубий Кореянинг биринчи аёл президенти ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг