Россия ва Толиблар кимга қарши дўстлашмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption ИШИДга қарши иттифоқми ва ё?

Россия ва Толибон орасидаги муносабатларнинг баъзи маълумотларга таянилса, тобора "яхшиланиб" бораётгани Афғонистондагиларни ташвишга солган.

Мамлакатдаги вазият шундоқ ҳам чигал ва мушкул экани аён.

Бундан икки йилча аввал Афғонистонда ИШИД унсурлари пайдо бўлгани ҳақида илк хабарлар тарқалди.

Ана шундан кейин Афғон матбуоти ҳам Кремлдагиларнинг Толиблар билан муносабатлари "илиб" бораётганидан бонг ура бошлашди.

Бир томондан Афғонистон ҳукуматидагилар Россиянинг ўз чегараларига яқин минтақа -Марказий Осиёда мужоҳидлар пайдо бўлишидан ташвишланишини тушунишади.

Аммо Кобулни безовта қилаётгани Россия ва Америка бу мамлакатда Сурия ҳамда Украинада бўлгани каби ўзаро рақобатга киришиб кетишидир.

Россия Тожикистон ва Афғонистон чегарасида 6000 ҳарбийдан иборат кучларини яна ҳам мустаҳкамлаш йўлида ҳаракат қилмоқда.

Москванинг тушунтиришича, бундан кўзланаётган асосий мақсад жангари унсурлар ва наркотик моддаларнинг минтақага сизиб киришининг олдини олишдир.

Айрим хабарларга кўра, Москва Толибларга қурол-яроғ етказиб беришни ҳам бошлаб юборган.

Ҳамфикрларми?

Сўнгги 15 йил ичида Россия Афғонистон ҳукуматини бир маънода қўллаб келди.

Мамлакатда Ғарб кучлари ҳозирлигини эса жиддий равишда савол остига олмади.

Аммо вазият ўзгармоқда.

Феврал ойида президент Ашраф Ғаний билан учрашув чоғида Владимир Путиннинг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов Россия раҳбарининг хавотирларини изҳор қилди.

"Россия минтақада ИШИДнинг пайдо бўлганидан хавотирда. Биз Афғон ҳукуматининг ИШИДга қарши курашини олқишлаймиз", деб айтди у.

Яқинда Туркия хабар агентликларидан бири билан суҳбатда Кабулов очиқдан очиқ ўз мамлакати ИШИДга қарши курашда "Толиблар билан ҳамфикр" эканини айтган.

"Мен Америка Афғонистон бўйича бирор бир стратегияга эга эмас деган қарашларга қўшиламан. Уларнинг Афғонистонда бўлишидан мақсад фақат битта...Афғонистон геосиёсий муҳим минтақада жойлашган бўлиб, Хитой, Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия ва Покистонни назорат қилиш учун қулай... Табиийки, биз бундан хавотирдамиз", деб айтган Кабулов.

"Оз қолди"

Толиблар раҳбарлари ўтмишда Россия ва ё Эрон билан алоқаларини доим рад этиб келишган.

Энди эса улар халқаро алоқалари билан "фахр" қилишларини урғулашадиган бўлишди.

"Биз Американинг Афғонистон истилосидан ташвишда бўлган барча мамлакатлар билан умумий бир мавқеини эгаллаш йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Бизнинг ва минтақадаги давлатларнинг мақсади битта - ватанимиз ва минтақани америкаликларнинг фитналаридан озод қилиш", деб айтган Толибларнинг вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Толибларнинг Кобулдаги тарафдорларидан бирига кўра, токи "Америка ўз сиёсати ўзгартирмас, Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини якунламас экан, минтақа давлатлари, хусусан, Россия ва Хитой Толибларни қурол-яроқ билан таъминлаб туриши мумкин. Бу эса АҚШ ҳарбий кучларининг ҳаводаги қудратини пасайтиради. Менимча, бу кунлар яқин қолди", деб айтган Толибларга яқин деб кўриладиган сиёсий шарҳловчи Назар Муҳаммад Мутмаин.

Бу орада эса халқаро саҳнадаги вазият ҳам бир қадар мураккаблигича қолмоқда.

АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп Россия билан муносабатларни яхшилаши кутилмоқда.

Балки айни ҳолат Афғонистондаги АҚШ мавқеисини бир қадар ислоҳ қилар, деб умид қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бу орада янги иттифоқлар тузиш режалари ҳақида ҳам тобора кўпроқ гапирилмоқда.

Декабр ойида Москвада Афғонистон бўйича анжуман бўлиб ўтиши керак.

" Россия, Хитой ва Покистон Афғонистон бўйича анжуман ўтказишидан мақсад нима? Россия ва Покистоннинг сўнгги қўшма ҳарбий машқларидан қандай мақсад кўзланганди? Буларнинг бари янги иттифоқ яратиш ҳаракатларидан дарак беради. Ўйин қоидалари ўзгармоқда. Буларнинг бари алал-оқибат Афғонистон халқига яна жабр бўлади", деб айтган сиёсатшунос Тоҳир Яргал Толо телевизиони билан суҳбатда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.