Украиналиклар ОИ га визасиз сафар қилишлари мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Пётр Порошенко Оврўпо расмийлари билан

Украина фуқаролари Оврўпо Иттифоқининг аксар мамлакатларига визасиз сафар қилишлари мумкин.

Бу ҳақда Оврўпо Кенгаши президенти Доналд Таск Брюсселда Украина ва ОИ раҳбарларининг пайшанба куни ўтган йиғини чоғи эълон қилган.

Унинг айтишича, Украина зарурий андазаларга "тўла" мос ва келаётган ҳафталар Оврўпо Иттифоқи расмийлари мазкур дастурни амалга тадбиқ этиш йўлларини ишлаб чиқади.

Брюсселдаги йиғинда Украинадаги коррупция масаласи ҳамда мамлакат келажаги ҳам мубоҳаса этилган.

Дастур доирасида украинлар Шенген ҳудуди, Оврўпо Иттифоқи таркибида бўлмаган Швейцария ва Исландияга биометрик паспорт билан визасиз борди-келди қилишлари мумкин бўлади. Аммо 90 кунгача визаси бўлмаганлар Буюк Британия ёки Ирландияга кира олишмайди.

Таск: "Сўнгги 3 йил янги Украина дунёга келганига гувоҳ бўлди. Мамлакат демократия ва иқтисодини баъзан ўта мушкул ислоҳотлар орқали олдинга силжитди", деб айтди.

"Оврўпо томонидан қўшимча ёрдам Украинанинг демократия йўлидаги саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлаши керак".

Таск жанобларига кўра, визасиз тизим Оврўпо Парламенти ва Оврўпо Кенгаши иттифоқ виза сиёсатини ўзгартиришни маъқуллаши билан кучга киради.

Украина Президенти Пётр Порошенко фуқароларига Оврўпо Иттифоқига визасиз сафар қилиш имкониятини қарийб 3 йилдан бери ваъда қилиб келади.

Бу 2014 йил Украина ва ОИ ўртасида имзоланган ҳамкорлик битими бир қисми бўлган. Ушбу битим Россия расмийларининг ғазабини қўзғаганди.

Брюссел саммити ортидан Порошенко жаноблари ўз фуқаролари учун Оврўпога визасиз борди-келди тизими ҳозирданоқ йўлга қўйилмаганидан "афсус"да экани, аммо йил охиригача мазкур режа амалга ошишига умид қилишини билдирган.

Украина паспорти бўлган одамлар Россияга визасиз кириб-чиқишлари мумкин.

Украина шарққа, яъни Россия томон эгиладими ёки ғарбга - Оврўпога эгиладими деган савол сўнгги йиллар йирик сиёсий масалага айланган.

Оврўпо расмийлари 2014 йилдан бери Украинани коррупцияга қарши жиддий кураш ҳамда бошқа ислоҳотларни амалга оширишга ундайди.

Аммо танқидчилар ўтган вақт асносида кўп нарса ўзгармагани ва Пётр Порошенко коррупцияга ботган расмийларни дастаклаётганини айтишади.

Россияпараст исёнчилар Донбассда ҳамон фаоллиги ҳам Киев ҳукумати учун бошоғриқдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.