100 аёл: Араб аёллари эркакларни ҳажв тиғига олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Doa El-Adl
Image caption Мисрлик Доа Эл-Адл

Айрим араб давлатларида аёллар паспорт олиш, саёҳатга чиқиш ва ё турмушга чиқиш учун ҳамон расман эркак қариндошининг рухсатини олиши керак.

Гарчанд, бу "маҳрамлик" қоидаси қонунда акс этмаган бўлса ҳам, ҳар кунги ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

Би-би-си 100 аёл мавсумида Шимолий Африкадан уч аёл карикатурачи -рассомлардан ана шу ҳолатни акслантириб беришни сўради.

Миср

"Бизнинг мамлакатда ёш келинлар ва уларга эркакларнинг ҳомийлиги ёки қўриқчилиги масаласи жуда долзарбдир", дейди мисрлик рассом Доа Ал Адл.

"Форс кўрфазидаги бадавлат арабларнинг Мисрнинг қишлоқ минтақаларига ўзларидан кўра ёшроқ қизларни излаб келишлари удумга айланмоқда. Албатта, бу қизлар "муваққат келин"лар бўлишади".

Доа Эл-Адлнинг қалами ўткир. У жамиятдаги тақиқланган мавзулар, масалан, жинсий зўравонлик ва ё қизларни суннат қилиш каби ҳолатларни ҳажв қилади.

Уни ҳатто даҳрийликда айблаб улгуришди.

Мисрда "ёш келин" деганда эндигина 18га тўлган қизлар тушунилади.

Одатда қизларнинг ота-оналари кексароқ ва бой муҳожирларга ўз жигарбандларини тортиқ қилишади.

Аксарият ҳолатларда бу хорижлик "қари куёвлар" ўз жуфтлари билан вақтинча яшашади, кейин уларни тарк этиб кетишади.

Доа Эл-Адлнинг тушунтиришича, айни никоҳларни йўқ қилиш учун чиқарилган қонун қайтага бу ҳолатларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Агар кексароқ муҳожир ўзидан 25 ёш кичик қизга уйланмоқчи бўлса, унда "ёш келин"нинг ота-онасига 6 минг АҚШ доллари тўлаши керак бўлади.

Бу бадавлат араб эркаклари учун арзимас нарх бўлиши мумкин, аммо қишлоқ минтақаларида зўрға кун кўраётган мисрликлар учун катта пул.

"Бошқача қилиб айтсак, бу каби минтақаларда эркакларни қизларни сотишмоқда ва давлат айни ҳолатга барҳам беришга ожиз", дейди Доа Эл-Адл.

Тунис

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nadia Khiari
Image caption Тунис

"Мен илк расмларимни яшириб чизганман, ҳамма мени эркак деб ўйлаган", дейди тунислик рассом Надиа Хиари.

"Улар аёл кишининг қўлидан рассомлик келишини тасаввур ҳам қилишмаганди! Ҳажвга тўла карикатураларни бир четга қўйиб турайлик..."

Хиари Тунислик Виллис номли карикатура сериялари муаллифи.

Бунда Виллис исмли мушук тасвири билан у Тунисда инқилобдан кейинги вазиятни тасвирлайди.

Ана шу мушук ёрдамида у жинсий зўравонлик қурбонлари ҳаётига эътибор қаратади.

Кимдир қиз болани жинсий зўрласа, тамом, унга уйланиши керак... Акс ҳолда, бу оилага иснод деб қаралади.

Тунис телевизионидаги ток-шоу бошловчиси уч қариндоши томонидан жинсий зўрланган ва ҳомиладор бўлиб қолган қизга ўзича маслаҳат беради.

Бу эркак бошловчи ёш қизга ўзини зўрлаганлардан бирига турмушга чиқиш маслаҳатини беради.

Бутун мамлакатда шов-шув бўлган ана шу изоҳдан кейин телевизон канал эркак бошловчини ишдан четлаштиришга мажбур бўлади.

Гарчанд инқилобдан кейин эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглиги ҳақида янги қонун қабул қилинган бўлса ҳам бу каби муносабатлар жуда кенг тарқалган, дейди Хиари.

Mарокаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Riham Elhour
Image caption Марокаш

Риҳам Элҳур Марокаш матбуотидаги илк аёл карикатурачидир.

У 8 март халқаро хотин-қизлар куни таваллуд топган.

"Мен туғилганимдан феминистман", дейди кулиб.

Болалигида расм чизиш эрмаги бўлган.

Аммо 15 йил аввал у ЮНЕСКО мукофотини олади.

Марокашлик аёллари саёҳат қилишлари учун қонун бўйича ўз эрларининг рухсатини олиши керак.

2004 ва 2014 йилда бу каби эркакларнинг "ҳомий ё қўриқчилиги"га доир бир неча қонун бекор қилинган бўлса ҳам, бугунги кунда болалари билан саёҳатга чиқмоқчи бўлган марокашлик аёл расман эрининг рухсатини олиши керак.

"Бу эрларга ўз хотинлари устидан назорат қилиш учун асос бўлади", дейди Элҳур.

"Мен карикатураларим билан аёлларни ўз ҳуқуқлари учун курашга чорламоқчиман. Улар ўзларининг жабрдийда эканларидан нолишмасин, балки курашсинлар. Мен курашчиман. Ҳамма аёллар курашчилардир".

Алоқадор мавзулар