100 аёл: Эрига итоаткор аёлнинг ҳикояси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kathy Murray
Image caption "Итоаткор аёл" Кэти Маррей эри билан

Калифорниялик Кэти Маррейга кўра, у эри билан турмушини унга итоат қилиш йўли орқали сақлаб қолган.

Кэти ўзини феминист деб санайди, аммо ҳозирда бошқа аёлларни ҳам итоаткор бўлишга даъват қилади. Бу эса "Итоаткор аёл" номли китобнинг ўзига хос йўли... Айни китобда аёллар ўз эрларини тинч қўйишлари ва кўпроқ ҳурмат қилишлари шартлиги урғуланган.

Кэти Маррей: Мен биринчи турмуш ўртоғим билан ажрашганимда 26 ёшда эдим.

Иккинчи бор 32 ёшда турмушга чиқдим. Аммо орадан кўп ўтмай, эримнинг ёнида эмас, қўшни хонада ётадиган бўлдим. Деярли ҳар куни жанжаллашардик.

Аксарият жанжалларимизга сабаб менинг эрим ҳақида фикрларим билан боғлиқ эди.

Масалан, эрим болалар тарбияси ҳақида ҳеч нарса билмайди деган фикрда эдим.

Ёки рўзғор ва пул масалаларида эримнинг уқуви йўқ деб ишонардим.

Мен ўшанда хусусий мактабларнинг бирида молиявий масалаларда масъул ишда ишлардим. Кўнгилли равишда болаларимнинг мактабида ҳам меҳнат қилар, жамоатчилик ишларида ҳам фаол эдим. Эрим эса қурилиш ширкатида ишларди.

Аммо топармон тутармон деганлари оилада мен эдим ва ҳамма нарсага ўзим хўжайин каби иш тутардим.

Шунда ҳам ҳеч кимга ўз эрим билан доим жиққамушт эканимни айтмас эдим.

Ўзим эса доим...уятда ва жаҳл устида эдим.

"Итоаткор аёл"нинг олтита қоидаси

Ўз эрлари устидан ортиқча ва нокерак назоратни тўхтатиш

Эркакнинг фикрини ҳурмат қилиш

Эрнинг совғаларини миннатдор бўлиб қабул қилиш ва изҳор этиш

Ўз истагини назорат қилиш ниятисиз изҳор этиш

Рўзғор кирим-чиқимини эрига ишониш

Аёл ўзига ва ўзининг ҳаётдан қониқишига эътибор қаратади

Манба: Лаура Дойл, "Итоаткор аёл" китоби муаллифи

________________________________________

Мен ўз эҳтиёжларим билан эримнинг ғашига тегадиган даражада инжиқлик қилар эканман, у телевизионга "михланиб" олар ва ёки уй ҳайвонларига меҳрибон бўлиб қоларди.

Ҳатто жисмоний яқинлик йўқ эди... Аммо...Ишқилиб, бу жуда оғир эди.

Мен билан умуман иши йўқ эди.

Мен унга эр қандай бўлиши ҳақида қанча кўп гапирсам, у шунча шавқ кўрсатмасди.

Кейин уни эр-хотинларга маслаҳат берувчи мутахассисга боришга кўндирдим.

Болалар ҳам бизнинг жанжалларимиздан озурда бўлаверганидан... уларни ҳам мутахассисга жўнатдик. Аммо бу ҳам иш бермади.

Ўзим мутахассисга қатнай бошладим.

Бир йилча эримнинг устидан арз қилиб юрдим. Минглаб доллар сарфладим, аммо иш яна ажралишга қадар етиб бораётганди...

Мен кечалари йиғлардим, у билан жанжаллашардим, бақирардим...Эрим менга қиё боқмас эди.

Мен оздим, машқ қила бошладим ва бошқа эркакларнинг эътиборини жалб қила бошладим.

Лекин биласизми, бунақа қилолмасдим, ундан кўра мен қурбон, жабрдийда ролини ўйнайман, шунда эрим менга илийди деб ўйладим.

Илимади.

Турмушимдан ажралишимга бир баҳя қолганида эса қўлимга Лаура Дойлнинг "Итоаткор аёл" деган китоби тушиб қолди.

Ростдан ҳам мактабларимизда қандай қилиб турмуш қуриш, рўзғор юритиш каби ҳаётий муҳим ўгитларни беришмайди.

Ўз оиламиздаги бошқа аёллар эса ҳеч қачон бу масалада маслаҳат беришмаган.

Мен ўз турмушим нураб бораётганига аслида...ўзим сабабчи эканимни англаб етганимдан сўнг, ишонсангиз, шунақа ҳам хижолат бўлдимки, асти қўяверасиз. Лекин шу китоб менга куч-қувват ҳам берди.

Мен ўз эримга ҳурматсизлик қилаётганим ва ё фақат танқид қилганимдан мутлақо хабарсиз эдим.

Мен қайтага унга ёрдам бераяпман, мантиқан иш кўраяпман деб ўзимни овутган эканман.

Мен эркаклар учун ҳурмат биринчи ўринда туришини англадим, яъни, бу уларга ҳаводай зарур эканини тушуниб етдим.

Эримнинг менга жисмоний майл кўрсатмаётганига ҳам сабабни топдим.

Мен эримдан илк бор ўзимнинг қўполлигим учун болаларим олдида узр сўраган кунимни эсдан чиқармасам керак.

Ёки илк бор унга "билганингиздай қила қолинг" деганимни...

Мен энди ҳар бир қадамим учун эримдан рухсат сўрай бошладим.

Эримнинг ҳаётига аралашмай қўйдим, унинг танловини танқид қилмас, қайтага ўзим устимда ишлай бошладим.

Мен ортиқ эримга унинг онаси каби муносабат қилмасдим.

Қайтага унинг севгилиси ўлароқ муносабат қилишни бошладим...

Оқибатда эса биз камроқ урушадиган бўлдик.

Айрим пайт қўлимни ушлаб олар ва ё ўпиб қўярди.

Мен ўз бахтим учун ўзим масъул эканимдан мутлақо бехабар бўлган эканман!

Қайтага эрим мени бахтли қилиши керак деб ўйлар эканман.

Фарзандларимиз ҳам бизнинг муносабатлар ўзгариб бораётганини сезишарди.

Уйимизга яна нур кирди. Тинч, осуда ва қувноқ бир ҳаёт кириб келди...

Кўпинча аёллар мендан бунақа муносабат билан сиз қайтага эрингизга қул бўлиб қолмадингизми, деб сўрашади.

Мен феминистман! Итоаткор бўлиш ва ё таслим бўлиш бир ҳақиқатни англашдир - ҳақиқатки, сиз фақат ўзингизни ўзгартиришингиз ва ё назорат қилишишингиз мумкин, холос. Бошқаларни эмас. Айни шу ҳақиқат ҳаётбахш ва инсонга куч бағишлайди!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар