"Путиннинг дўсти" АҚШ Давлат котиби бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL KLIMENTYEV / RIA NOVOSTI
Image caption Тиллерсон ва Путин, 2012 йил

Британиянинг бир неча нашрлари АҚШ Давлат котиби лавозимига эҳтимолий номзод дея кўрилаётган Рекс Тиллерсон ҳақида мақолалар чоп этишди.

64-ёшли мультимиллионер Тиллерсон - тўрт фарзанднинг отаси, диндор насроний, Америка бойскаутларининг собиқ президенти, ҳозирда эса жаҳондаги энг йирик нефть корпорацияларидан бўлмиш ExxonMobil раҳбари.

Times Тиллерсонга бағишлаб чиқарган мақоласига "Путиннинг дўсти Америка ташқи сиёсати устидан назоратни ўз қўлига олади" дея сарлавҳа қўйган.

Газетага кўра, Тиллерсон "Президент Путин билан яқин алоқаларга эга корпоратив тадбиркор"дир.

"Мен Тиллерсоннинг Владимир Путин билан қандай алоқалари борлигини билмайман, аммо сизга шуни айтаман: бу мени жуда безовта қиляпти", - деб айтган сенатор Жон Маккейн, Daily Mail мақоласидаги иқтибосга кўра.

"Владимирнинг дўсти" - мен давлат котибидан кутадиган тавсифнома эмас", - деб айтган сенатор Марко Рубио.

Times хабарига кўра, Тиллерсонни давлат котиби лавозимига ўтмишда ExxonMobil маслаҳатчилари бўлган собиқ давлат котиби Кондолиза Райс ва собиқ мудофаа вазири Роберт Гейтс тавсия қилганлар.

Financial Times ёзишича, Тиллерсон ҳеч қандай дипломатик ёки ташқи сиёсат тажрибасига эга эмас, аммо уни танийдиганлар уни қаттиққўл, муросага бормайдиган, жуда самаралари раҳбар ва музокарачи эканини айтишади.

"Доналд Трамп ишчан, кучли одамларни ўз вазирлар маҳкамасига йиғишни истайди ва Рекс Тиллерсон бу талабларга жавоб беради", - деб айтган Boston Consulting Group компаниясининг раҳбарларидан бири Робин Уэст.

Трампнинг ўзи эса Тиллерсонни қуйидагича тасвирлаган: "У нафақат оддий раҳбар ходим, балки жаҳон миқёсидаги ўйинчи... У, билишимча, дунёдаги энг катта компанияга бошчилик қилади".

Times ёзишича, Тиллерсон Путин билан биринчи марта 1999 йилда учрашган. 2013 йилда Россия унга энг олий фуқаролик мукофоти ҳисобланмиш Дўстлик орденини топширган.

ExxonMobil раҳбари бўла туриб Тиллерсон Москвага қарши санкциялар киритишга қарши бир неча бор очиқча чиқишлар қилган, дейилади мақолада.

"2007 йилда Россия Сахалин оролидаги газ лойиҳасидан Royal Dutch Shell ва бошқа хорижий компанияларни сиқиб чиқарганида Exxon активларига умуман тегилмади", - деб ёзади Times.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар