АҚШ: Ҳакерлик ҳужумларни Путиннинг ўзи бошқарган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ: Ҳакер ҳужумларини Путиннинг ўзи бошқарган

АҚШ президенти маъмурияти баёнотига кўра, президент Путин Америка сайлов жараёнига ҳакерлик амалиёти орқали бевосита аралашган бўлиши мумкин.

Президент Обаманинг маслаҳатчиси Бен Роудснинг айтишича, Путин Россия ҳукумати амалга оширадиган барча амалиётларни қаттиқ назорат қилиши ҳисобга олинса, шундай хулосага келиш табиийдир.

АҚШ оммавий-ахборот воситаларидаги хабарлардан хулоса қилинса, ҳакерлар қўлга киритган маълумотларни оммага ошкор қилишга Россия президенти Путиннинг шахсан ўзи буйруқ берган. Аммо бу даъвога аниқ далиллар келтирилмайди.

"Бизга равшан бўлгани Россия қандай ҳаракат қилишидир. Путин ўз ҳукуматини қандай назорат қилиши ҳам маълум".

"Алал-оқибат Владимир Путин Россия ҳукумати учун масъул расмий шахс саналади", деб айтган президент Обаманинг маслаҳатчиси.

Оқ уй матбуот воизи Жош Эрнестга кўра, Путиннинг ҳакерлик ҳужумларига аралашгани очиқ-ойдин фактдир.

"АҚШ жавоб амалларига ҳақли"

Америка президенти Обама эса сайлов жараёнига аралашишга ҳаракат қилган Россия ҳакерларига нисбатан жавоб берилишини айтган.

"Хорижий давлат бизнинг сайловларимиз адолатли ўтишига таъсир қилмоқчи бўлса, шубҳа йўқки, бунга қарши чора кўришимиз керак".

Унинг айтишича, Америка вақти келганда бундай жавобий чораларга қўл уради.

Россия расмийлари эса бир неча бор ҳакерлик ҳужумларига алоқалари йўқлиги ҳақида баёнот беришганди.

NBC телевизион канали АҚШда шахсан Путин ҳакерлар қўлга киритган маълумотларни ошкор қилишга буйруқ берганини исботловчи далиллар борлигини даъво қилган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса бу айбловларни рад қилар экан, "бу даъволарга кимнидир ишонтиришга ҳаракат қилиш аҳмоқлик", деб айтган.

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп ҳам россиялик ҳакерлар Демократик партия аъзоларининг электрон почталарини бузиб киргани, бундан мақсад эса Ҳиллари Клинтоннинг рақибига ёрдам бериш бўлгани ҳақида даъволарга ишонмаслигини айтган.

У айни масалада Марказий Жосуслик хизмати томонидан тайёрланган, гўё россиялик ҳакерлар Трампга сайловда ғалаба қозониш учун ҳаракат қилганига доир ҳисоботини рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг