Анқарадаги ҳужумда Россия элчиси ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Андрей Карлов

Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карлов отиб ўлдирилган. (ДИҚҚАТ: Видеодаги манзара кўнгилни хира қилувчидир)

Айни қотилликка Россиянинг Суриядаги инқирозга аралашувидан норозилик сабаб экани англашилмоқда.

Ҳужумда яна бир неча киши яраланган.

Хабарларга кўра, қотил Туркия полициясининг собиқ ходимларидан бири бўлган.

Ҳужумчи Россия элчиси нутқ сўзлаётган пайти ортидан келиб, ўқ узган.

Карлов шифохонага олиб кетилган, аммо орадан кўп ўтмай Россия Ташқи ишлар вазирлиги элчининг вафотини тасдиқлаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова "террорчиликка тоқат қилинмайди, биз террорга қарши курашамиз", деб баёнот берган.

АҚШ Давлат департаментининг воизи Жон Кирби марҳумнинг оиласига таъзия изҳор этар экан, "зўравонликнинг ҳар қандай турини қаттиқ қоралаймиз", деб айтган.

Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Марк Лоунга кўра, гарчанд Ҳалабдаги вазиятга доир Туркия бўйлаб норозилик намойишлари кечган бўлса ҳам, икки давлат оташкесим борасида ўзаро ҳамкорлик қилиб келаётган эди.

Россия телевизионига кўра, Андрей Карловга "Россия турклар нигоҳида" номли кўргазмада иштирок этаётган пайти ҳужум қилинган.

Видеотасвирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳужумчи деб гумонланаётган шахс

Видеотасвирларда Карловнинг нутқ сўзлаётгани пайти ўқ овозлари эшитилади.

Тўппончадан саккиз марта ўқ узилади.

Камера кейин замонавий кийинган ва тўппонча кўтариб олган эркакка қаратилади.

Ҳужумчи "Ҳалабни унутма, Сурияни унутма", дер экан, "Аллоҳу Акбар", дея қичқиради.

Андрей Карлов 62 ёшда эди.

У Совет Иттифоқининг Шимолий Кореядаги элчиси бўлиб ишлаган.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Жанубий Кореяга жўнатилади, 2001 йилда эса яна Шимолий Кореяда элчилик вазифасида ишлай бошлайди.

У Туркияда 2013 йилдан бошлаб Россия элчиси бўлган.

Муносабатлар

Ҳужумдан сўнг Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия президенти билан телефонда суҳбатлашган.

Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти воизи айтган.

Андрей Карлов келтирилган шифохонада ташқарисида сўзлаган Анқара ҳокими Мелиҳ Гўкчекга кўра, бу ҳужум Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга раҳна солишни кўзлаган.

АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция ҳукуматларининг вакиллари ҳам айни қотилликни кескин қоралашган.

Россия Думасининг халқаро масалалар қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга сўнгги фожеа раҳна солмаслигини урғулаган.

"Анқара ва Москва ўртасидаги муносабатлар совумайди, буни бизнинг Анқара ва Ғарбдаги стратегик рақибларимиз қанчалар исташмасин, бундай бўлмайди", деб айтган у.

Туркия мулозимлари ҳужумчи 22 ёшли Мевлут Март Айдинташ эканини айтишган.

У Анқарада қўзғолонларни бостирувчи полиция кучларининг ходимидир.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг воизи элчининг ўлдирилишини "террорчи амал" дея қоралаган.

Мария Захаровага кўра, Туркия қотиллик юзасидан муфассал тергов ўтказиш ва ҳужумга алоқадорларни жазолашга ваъда берган.

Россия ва Туркия президентлари қотилликни қоралашди

Россия президенти Владимир Путинга кўра, Андрей Карловнинг ўлдирилиши икки давлат муносабатларига раҳна солиш учун қилинган иғводир.

"Жиноят содир қилинди, бу сўзсиз Россия ва Туркия муносабатларининг нормаллашувига, Суриядаги тинчлик жараёнига қаратилган иғводир. Россия, Туркия, Эрон ва бошқа мамлакатлар билан Суриядаги инқирозни бартараф қилиш йўлида ҳаракат қилмоқда", деб айтган Владимир Путин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Сергей Наришкин ва ФСБ (Федерал Хавфсизлик Хизмати) раҳбари Александр Бортников билан учрашувда.

Путин шунингдек, Россия Федерациясидаги Туркия дипломатик ваколатхоналари қатори Россиянинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам хавфсизлик чораларини кучайтиришга буйруқ берган.

Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон ҳам Россия элчисининг ўлдирилиши икки давлат ўртасидаги муносабатларга қарши иғво эканини урғулаган.

"Туркия ва Россия ҳодиса юзасидан қўшма тергов комиссиясини ташкил қилади", деб айтган Туркия президенти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар