Россияда ўнлаб одам ўлди

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Расмий хабарларга кўра, қирқдан ортиқ кишининг ўлимига "Бояришник" ювиниш воситаси сабаб бўлган.

Аён бўлишича, улар бу ювиниш воситасини спиртли ичимлик ўрнида истеъмол қилишган ва бунинг оқибатида заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмишган.

Яна йигирмага яқин кишининг оғир аҳволда касалхонада эканликларини айтилмоқда.

Ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган машъум ҳодиса Иркутскда юз берган.

Россиядан олинган сўнгги хабарларга кўра, ҳозир Иркутскда фавқулодда ҳолат жорий этилган.

Бу ювиниш воситаси сақланган омборхона топилган, унинг таркибида одам ҳаёти учун хавфли бўлган заҳар - метанол аниқланган.

Икки киши ҳибсга олинган ва полиция дўкон расталаридан "Бояришник"ларни йиғиштириб олишга киришган.

Якшанба кунги ҳодиса юзасидан аллақачон тергов ишлари бошланган.

Терговчиларга кўра, одамлар ювиниш воситасига битилган ва маҳсулотнинг фақат ташқи истеъмол учун эканига оид огоҳликни писанд қилишмаган.

Қурбонлар

Агар, Россия оммавий-ахборот воситаларига таянилса, қурбонлар 35 ва 50 ёш оралиғидаги камбағал одамлар бўлишган.

Йилларки, аксарият собиқ Шўро давлатларида қўлбола арзони ростмана ароққа муқобили сифатида кўриб келинган.

Айрим таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияда 10 миллиондан ортиқ одам шу каби спиртли ичимлик истеъмол қилишади.

Россияда қўлбола спиртли ичимликлардан заҳарланиш ҳоллари кенг тарқалган.

Аммо, биргина жорий йил назарда тутилганда ҳам, бу каби ҳалокатлиси деярли кузатилмаган.

Мулозимларга кўра, одатда, бунга ўхшаш ювиниш воситасида этил спитри қўлланилган.

Сўнггисида эса, этил спиртининг ўрнига метанол - метил спирти қўлланилгани маълум бўлган.

Иркутскдаги ҳодиса Россия раҳбариятининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Президент Владимир Путин буни "мудҳиш фожеа", деб атаган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев бу масалани Вазирлар Маҳкамасининг йиғинида кўтарган.

Масъуллар бу каби ювиниш воситаларини зудлик билан истеъмолдан олишлари шартлигини айтган.

Агар, Россия Бош вазири муовини Александр Хлопониннинг ўтган ойги маълумотларига таянилса, мамлакатда истеъмол этилаётган спиртли ичимликларнинг 20 фоизи дори-дармон ва пардоз-андоз воситалари ҳисобига тўғри келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг