Ту-154 ҳалокати: омон қолганлар йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ту-154 Суриянинг Латакия шаҳрига парвоз қилган

Россиянинг бортида 92 киши бўлган Ту-154 ҳарбий-транспорт самолёти Қора денгизга қулаб тушган.

Россия мудофа вазирлигига кўра, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 5 дан 25 дақиқа ўтганда Сочи аэропортидан ҳавога кўтарилган самолёт орадан 2 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган.

Денгиздан самолёт қолдиқлари ва бир неча жасадлар топилган.

"Омон қолганлар йўқ", - деб айтган генерал-майор Игор Конашенков.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Суриянинг Латакия шаҳрига парвоз қилган Ту-154 да аскарлар, Александров номидаги Россия қуролли кучлари ансамблининг 64 нафар аъзолари ҳамда 9 нафар журналистлар бўлган.

Самолёт Москвадан парвоз қилган ва Сочи шаҳрининг Адлер аэропортига ёқилғи тўлдириш учун қўнган.

"Россия мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти қолдиқлари Сочи шаҳрининг Қора денгиз соҳилидан 1.5 километр масофада, 50-70 метр чуқурликда топилди", дейилади Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ҳозирга қадар биронта ҳам омон қолган инсон топилмаган.

Ту-154 бортидан шунингдек, "Доктор Лиза" тахаллуси билан танилган Елизавета Глинка ҳам бўлган.

"Адолатли ёрдам" нодавлат ташкилотининг раҳбари яқинда Кремлда Путиннинг қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олган эди.

Россия Президенти ҳузуридаги инсон ҳақлари комиссиясининг аъзоси бўлган Глинканинг турмуш ўртоғи адвокат Глеб Глинка "Доктор Лиза"нинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Аввалроқ ҳалокат террорчилик ҳодисаси ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар олинганди.

Аммо ҳозирда расмий манбаъларга кўра, "техник носозлик" фарази биринчи ўринга чиққан.

Россиялик эксперт Вадим Лукашевичнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ҳозирда тергов ихтиёрида маълумотлар жуда кам ва террорчилик амалини буткул истисно қилиб бўлмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Александров ансамбли 2015 йилда Париждаги концерт чоғида

Президент Путин ҳалокатни текшириш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга буйруқ берган ва қурбонларнинг оила-аъзоларига ҳамдардлик изҳор қилган.

Россия телеканали орқали эшиттирилган диспетчерлар ва экипаж ўртасидаги энг сўнгги аудио ёзувларда бирон муаммо бўлгани англашилмайди.

Овозлар самолёт ғойиб бўлгунига қадар сокинлигича қолган.

Хабарларга кўра, об-ҳаво шароитлари учиш учун қулай бўлган.

Президент Путин душанбани Россияда мотам куни деб эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг