Ту-154 учоғи ҳалокатига "теракт сабаб бўлмаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қидирув ва текшириш амаллари давом этмоқда

Россия Федерал Хавфсизлик хизматининг баёнот беришича, Ту-154 самолётининг ҳалокати бўйича дастлабки текширувларда "теракт рўй берганига доир ишоралар топилмаган".

Хавфсизлик хизмати шунингдек, айни учоқда ҳарбий юклар бўлмаганини маълум қилган.

ФХХнинг жамоатчилик билан алоқалар марказига кўра, "лайнернинг ҳалокатга учрашини кўрганлар бор, шунингдек, текширувчилар видео маълумотлар билан ишлашмоқда".

Федерал Хавфсизлик хизмати учоқ ҳалокати "техник" сабабларга кўра рўй берганини маълум қилган.

Қидирув амалларига 3000 дан ортиқ киши жалб қилинган, улар орасида 109 нафар ғаввослар бор.

Кемалар, учоқлар ва вертолётлар ёрдамида ҳалокатга учраган самолётнинг қолдиқлари ва қурбонлар жасадларини изланмоқда.

Якшанба куни Россиянинг бортида 92 киши бўлган Ту-154 ҳарбий-транспорт самолёти Қора денгизга қулаб тушган эди.

Россия мудофа вазирлигига кўра, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 5 дан 25 дақиқа ўтганда Сочи аэропортидан ҳавога кўтарилган самолёт орадан 2 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Суриянинг Латакия шаҳрига парвоз қилган Ту-154 да аскарлар, Александров номидаги Россия қуролли кучлари ансамблининг 64 нафар аъзолари ҳамда 9 нафар журналистлар бўлган.

Самолёт Москвадан парвоз қилган ва Сочи шаҳрининг Адлер аэропортига ёқилғи тўлдириш учун қўнган.

"Россия мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти қолдиқлари Сочи шаҳрининг Қора денгиз соҳилидан 1.5 километр масофада, 50-70 метр чуқурликда топилди", дейилади Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ҳозирга қадар биронта ҳам омон қолган инсон топилмаган.

Ту-154 бортидан шунингдек, "Доктор Лиза" тахаллуси билан танилган Елизавета Глинка ҳам бўлган.

"Адолатли ёрдам" нодавлат ташкилотининг раҳбари яқинда Кремлда Путиннинг қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олган эди.

Президент Путин душанбани Россияда мотам куни деб эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар