Туркияда давлат тўнтаришига 'уринганлар' устидан маҳкама

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Истанбул четидаги Силиври қамоқхонасида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолатда бошланган маҳкама жараёни 4 кун давом этади

Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринишда айбланиб ҳибс қилинган 29 нафар полиция ходими бугун Истанбулдаги қамоқхона маҳкамасида ҳозир бўлган.

Туркия бўйлаб июл ойи муваффақиятсиз якун топган давлат тўнтаришига уринишга алоқадор 40, 000 га яқин инсон қўлга олинган, кўплаб армия ва полиция ходимлари ишдан ҳайдалганди.

Эрдўғон ҳукуматини ағдариш ҳаракати ортида Фатҳулла Гулен тарафдорлари тургани даъво қилинган.

Бугунда Америкада яшовчи Фатҳулла Гуленнинг ўзи ушбу айбловларни рад қилган.

Аммо, Туркия Президенти Эрдўғон гуленчилар ҳаракати Туркияда ҳамон фаол эканидан огоҳлантиради.

Ўтган ҳафта Россия элчиси Андрей Карловнинг собиқ полиция ходими тарафидан отиб ўлдирилиши ҳам гуленчилар билан боғланди.

Хабар қилинишича, Истанбул четидаги Силиври қамоқхонасида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолатда бошланган маҳкама жараёни 4 кун давом этади.

Агар айбдор топилса, 29 полиция ходимининг 21 нафари бир умрга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Уларнинг барчасига Фатҳулла Гулен ҳаракатига аъзолик, буйруққа бўйсунмаслик ҳамда президентни ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармаганлик айбловлари қўйилган.

Маҳкамага тортилганларнинг 8 нафарига камроқ йиллик қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Кичикроқ кўламли маҳкамалар Туркиянинг бошқа минтақаларида кечган эса-да, бу энг йирик шаҳар Истанбулдаги июл ҳодисаси билан боғлик илк маҳкама ишидир.

Туркия давлат тизимини гуленчилардан тозалаш амалиётлари бутун мамлакат бўйлаб олиб борилмоқда. Танқидчилар ҳукумат муваффақиятсиз якун топган давлат тўнтариши баҳона мухолифларига сиқувини кучайтирганини айтадилар.

Душанба куни маҳкама ҳаками Президент Эрдўғонга гўё бир пиёла чой ҳам бермаслигини айтган ошпазни ҳибсда қолдириш қарорини чиқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар