Покистонда ўнлаб инсонлар 'қўлбола' ичкиликдан заҳарланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Яқинлари марҳумларга аза тутишмоқда

Покистоннинг Пунжоб вилоятида Исо мавлуди кунлари камида 32 инсон спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этган. Расмийларга кўра, яна ўнлаб инсонларнинг аҳволи оғир қолмоқда.

Тоба-Тек-Сингх шаҳарчасида ҳаётдан кўз юмганларнинг аксари насронийлар экани айтилади. Улар уйда тайёрланган ичимликни истеъмол қилишган.

Покистонда мусулмонлар алкогол сотиб олишлари ё-да, ичишлари таъқиқланган. Диний озчиликлар эса, спиртли ичимлик сотиб олиш учун рухсатнома олишлари керак.

Шу боис алкогол савдоси қаттиқ назорат қилинади. Арзон, уйда тайёрланган ичимликларда эса кўпда заҳарли метанол моддаси учраши қайд этилади.

Октябр ойи ҳам айни Пунжоб вилоятида алкоголдан заҳарланиб, 11 инсон оламдан ўтганди.

'Кўплар уйқусидан уйғонмаган'

Маҳаллий полиция зобити Муҳаммад Надимнинг Би-би-си Урду Хизматига айтишича, Тоба-Тек-Сингх ва Файзалободдаги шифохоналарда 25 киши даволанмоқда.

"Насронийлар жамоасига тегишли одамлар 25 декабр кечаси ичкиликни истеъмол қилиб, уйларига қайтишган. Фожеа эртаси эрталаб аён бўлган. Уйқуга кетганлар кўпи уйғонмаган. Бошқалар касалланишган", дейди у.

Унинг айтишича, икки мусулмон ҳам ичкилик сотиб олмоқчи бўлган.

"Маҳаллий дўкондорлар алкогол қолмаганини айтишгач, бошқа жойдан топиб келишган. Иккови ҳам ҳаётдан кўз юмди", дея қўшимча қилади у.

Полиция заҳарли ичкилик қаерда тайёрланиб, қаерда сотилганини аниқлашга уринмоқда.

Яқин йиллар қўшни Ҳиндистонда ҳам ичкиликдан заҳарланиш оқибатида юзлаб одамлар нобуд бўлган.

Ўтган ҳафта Россиянинг Иркутск шаҳрида ювиниш учун сотиладиган суюқликни ичиш оқибатида ўнлаб инсонлар ҳаётдан қўз юмди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар