АҚШ Эрдўғаннинг “ИДга ёрдам” айбловларини рад қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўған "далил-исботлари бор"лигини айтганди

АҚШ Давлат департаменти Туркия президентининг Вашингтон Суриядаги экстремист гуруҳларни қўллаб-қувватлагани борасидаги айбловларини "кулгили" деб атади.

АҚШ Давлат департаменти вакили Марк Тонернинг айтишича, бу айбловлар мутлақо асоссиздир.

Аввалроқ Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ ва унинг иттифоқчилари Суриядаги қатор экстремист гуруҳлар, жумладан Исломий давлат гуруҳига ёрдам берганига далил-исботлари борлигини айтди.

"Улар бизни ИДни қўллаб-қувватлашда айбладилар. Ҳозир уларнинг ўзлари террорчи гуруҳлар, хусусан ИД, Халқ мудофааси отрядлари (Курд олий қўмитасининг ҳарбий қаноти), Демократик иттифоқ (Сурия курдлари ташкил қилган чап-қанот партия)га ёрдам бермоқдалар", - деб айтган Эрдўған Анқарада ўтган матбуот анжуманида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Давлат департаменти вакили иддаоларни "кулгили" деб атаган

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Исломий Давлат жангари гуруҳига қарши курашиб келмоқда. Иттифоқ кучлари Сурия ва Ироқдаги ИД мавқеларини ҳаводан нишонга олиб келишади.

2015 йил охирида Россиянинг Су-24 қирувчи самолёти турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилиши ортидан Россия-Туркия алоқалари совуқлашар экан, расмий Москва шахсан Эрдўғанни ИД билан нефть келишувларида иштирок этишда айблаганди.

Аммо, Туркия раҳбари бу айбловларни рад этган ва агар улар исботланса, истеъфога кетишини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.