Истанбулдаги тунги клубга ҳужумда 39 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлунинг айтишича, Истанбулдаги Reina тунги клубига ҳужумда камида 39 инсон ҳалок бўлган, 40 киши жароҳатланган.

Янги йилга ўтар кечаси юз берган ҳужум қурбонларининг 16 нафари хориж фуқароларидир.

Ҳозирда полиция ҳужумчиларни қидирмоқда.

Аввалроқ Истанбул шаҳар ҳокими Васип Шоҳин ҳалок бўлганлардан бирининг полиция ходими эканини айтганди.

У ҳужумни террорчилик амали деб атаган.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳужумни Қорбобо кийимини кийган бир шахс амалга оширган.

Аввалроқ турк матбуоти ҳужумчиларнинг икки киши экани ҳақида ёзганди.

Ҳужумга учраган Reina тунги клуби Истанбулнинг Ўртакўй туманида жойлашган.

Хабарларга кўра, ҳужум юз берган пайт клуб ичкарисида бир неча юз киши бўлган.

NTV телеканалининг хабар беришича, айрим одамлар ўзларини қутқариш учун ваҳима ичида Босфор бўғозига сакрашган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбирига кўра, тунги клуб нафақат маҳаллий, балки хорижликлар орасида ҳам машҳур бўлган.

АҚШ Президенти Барака Обама ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳужум юзасидан ҳамдардлик билдиришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг