Туркия ҳукумати: 'Ҳужумчининг шахси маълум'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркия расмийларига кўра, янги йил кечаси Истанбулдаги тунги клубда 39 кишини ўлдирган ҳужумчининг шахси аниқланган.

Ички ишлар вазири Меҳмет Човушўғлининг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумни ким амалга оширганини билади.

Айни пайтда вазир ҳужумчининг шахсига оид ҳеч қандай маълумотни ошкор қилмаган.

Ҳужумчининг ўзи ушланмаган, ҳодисага алоқадорликда гумон қилиниб, 20 га яқин одам ҳибсга олинган.

1 январга ўтар кечаси номаълум қуролли Истанбулнинг Reina тунги клуби мижозларига қарата ўт очган.

Расмийларга кўра, 7 дақиқа давомида ўқ узилган.

Натижада 39 киши ҳалок бўлган, 70 га яқин одам яраланган.

Ҳужум тунги клуб қўриқчисини отиб ўлдиришдан бошланган.

Ҳодиса жойидан олинган маълумотларга кўра, ҳужумчи 100 дан ортиқ ўқ ишлатган.

У мижозларга қарата тартибсиз ўт очган ва ярадорларни ўлдирган.

Қурбонлар орасида 16 нафар хорижлик, жумладан, Саудия Арабистони, Исроил, Ливан, Иордания, Франция ва Белгия фуқаролари бор.

Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.

Гуруҳ номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, "халифалик аскари насронийлар бидъат байрамни қутлаётган клубга ҳужумни амалга оширган".

Қирғизистонлик 'гумондор'

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги гумондор қирғизистонлик бўлиши мумкинлиги ҳақидаги матбуот хабарларини текшираётганини билдирган.

Айни пайтда турк матбуотида гумондор сифатида номи тилга олинган қирғизистонлик Яҳё Машраповнинг Истанбул аэропортида сўроқ қилиниб, қўйиб юборилгани ўртага чиққан.

Машраповнинг Би-би-си қирғиз хизмати билан суҳбатда айтишича, у 31 декабр куни Pegasus ҳаво йўллари билан тижорий мақсадда Бишкекдан Истанбулга учиб борган.

Истанбулда бир кеча меҳмонхонада қолиб, Бишкекка қайтишда самолётда хавфсизлик ходимлари уни текширишган.

"Икки киши мени текширди ва паспортимни олиб, самолётдан тушишни сўрашди. Тушганимда 20 тача полиция ходимларини кўрдим. Улар менинг паспортимдан нусҳа олишди ва ярим соат давомида сўроқ қилишди. Бир-бирлари билан гаплашиб, қаерларгадир телефон қилишди", - деб айтган Яҳё Машрапов.

Унинг сўзларига кўра, турк полицияси унга 31 декабр куни юз берган террор ҳужумида гумон қилинаётганини айтган.

Полиция Машрапов "ҳужумчига жуда ўхшаши"ни айтган.

"Улар менга гумондорнинг сурати ва видеосини кўрсатишди. У менга ўхшарди, деб ўйламайман. Бир соатдан кейин улар узр сўраб, мени қўйиб юборишди", -деган қирғизистонлик тужжор.

Унинг айтишича, қирғиз хавфсизлик хизматлари Ўшдаги уйига келиб, у билан суҳбатлашишган.

"Мен уларга ҳужум юз берган кун Истанбулда бўлмаганим, у куни ўшдан Бишкекка учиб борганимни айтдим ва самолёт чипталарини кўрсатдим", - деган Яҳё Машрапов.

Айрим хабарларга кўра, турк полицияси Истанбулнинг ўзбек муҳожирлари ҳам яшайдиган Зайтунбурни мавзеъсида рейдлар ўтказган.

Ҳибсга олинганлар орасида ўзбек фуқароларининг бор-йўқлиги ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг